Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сўнгги қўнғироқ...

Сўнгги қўнғироқ...

Foto: Xabar.uz

Қалбларда ғурур ва ҳаяжон уйғотадиган, кўзларга ёш қалқитадиган бу лаҳза – фарзандларимиз ҳаётида янги саҳифани очиб бермоқда.

Бугун 450 минг нафардан зиёд битирувчиларимиз мактаб билан хайрлашар экан, уларнинг қўлида етуклик шаҳодатномаси, кўнглида эса улуғ орзу ва мақсадлар мужассам.

Битирувчиларимиз ҳаёт йўлининг ғоят масъулиятли, бироқ беқиёс имкониятлар эшигини очувчи нуқтасида туришибди. Бугун мактаб дарслари, синфдошлар, устозлар берган билим бир саҳифа бўлиб ёпилса, эртанги куннинг навбатдаги шарафли саҳифаси очилади.

Мустақил ҳаёт синовлари оғир бўлади. Аммо шу синовлар орқали инсон чархланади, камолотга етади, жасорат ва мардлик нималигини англайди. Мактаб сизга билим берди. Энди эса ҳаёт – ақл, сабр ва иродангизни синайди.

Сизларнинг сафингизда 11 минг 500 нафар олтин медаль соҳиблари, 2 мингдан зиёд кумуш медал эгаларининг борлиги фахр туйғусини уйғотади. Бу медаллар ортида билимга чанқоқлик, тинимсиз изланишлар, устоз ва ота-онангизнинг оғир меҳнати борлигини унутманг.

Ёшлик – илҳом маскани, изланиш парвози, орзулар гавҳари. Унинг ҳар лаҳзаси олтинга тенг. Ҳар кунингизни, ҳар соатингизни, ҳатто ҳар дақиқангизни самарали, мазмунли ўтказинг. Чунки бугунги кичкина ғалабалар эртанги катта зафарларнинг пойдеворидир.

Ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонда сизлар учун барча шароитлар яратилмоқда: 200 дан ортиқ олий таълим муассасалари, юзлаб техникумлар, мономарказлар, инновацион технопарклар, замонавий кутубхоналар ва ижодий майдонлар – буларнинг барчаси келажагингиз учун.

Ҳар қандай муваффақият – сабр, меҳнат ва самимий ҳаракат самарасидир. Бугун замон билимлиларга, ташаббускорларга, янгилик яратувчиларга муҳтож. Ижод қилганлар, синовлардан қўрқмаганлар, ҳар куни ўз устида ишлайдиганлар тарихда қолади.

Ўзингизга ишонинг. Юзингиздаги шижоат нурини, кўнглингиздаги пок ниятларингизни асло йўқотманг. Ҳар қандай шароитда ҳам орзу қилишдан, ҳаракат қилишдан чарчаманг. Ҳар бир қўйган қадамигизни маъно билан безанг. Ҳаёт йўлидаги ҳар бир ютуғингиз билан Ватан номини улуғланг.

Илк мустақил қадамингиз қутлуғ бўлсин!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг