Россияда самолёт қулади: экипажнинг барча аъзоси ҳалок бўлган
Россиянинг Иваново вилояти Фурманов туманида Россия ҳарбий-транспорт самолёти – Ан-22 «Антей» ҳалокатга учради.
Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт бортида камида етти киши бўлган ва уларнинг барчаси ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда. Бу ҳақда ТАСС ва «База» манбалари маълум қилди.
Фалокат Уводь сув омбори ҳудудида содир бўлган. Қутқарув хизматлари фюзеляж қисмларини сув сатҳи ва қирғоқ қисмларидан топган.
Айрим манбалар самолёт таъмирдан кейинги режавий учишни амалга ошираётган пайтда носозлик юз бергани ҳақида ёзмоқда.
Ҳодиса юзасидан ҳозирча расмий маълумотлар берилмади. Тергов органлари ва ҳарбий хизматлар ҳалокат сабабларини аниқлаш учун иш олиб бормоқда.
Маълумот учун, Ан-22 «Антей» самолёти дунёдаги энг катта турбовинтли ҳарбий-транспорт самолёти ҳисобланади. У оғир ҳарбий техникалар ва катта юкларни ташиш учун мўлжалланган. Самолёт 1960-йилларда ишлаб чиқилган бўлиб, илк Ан-22 «Антей» самолёти 1965 йилнинг 27 февралида осмонга кўтарилган.
У 80 тонна юкни 5 минг км масофагача ташиши мумкин. Ан-22 Чкалов номидаги Тошкент авиация заводида 1976 йилга қадар ишлаб чиқарилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter