Германияга бирламчи таҳдид туғдираётган давлат очиқланди
Германия мудофаа вазири Борис Писториус 22 апрель куни Берлин шаҳрида мамлакатнинг ҳарбий-мудофаа концепциясини тақдим этди. Ушбу ҳужжат Германия Федератив Республикаси тарихидаги илк ҳарбий стратегия ва қуролли кучларни (ҚК) ривожлантириш режасини ўз очига олади.
DW хабар беришича, ушбу икки ҳужжатга оид деталлар махфийлаштирилган, аммо мудофаа вазирлиги мамлакатга таҳдид туғдираётган биринчи рақамли давлат номини очиқ-ошкор эълон қилган. Бу – президент Владимир Путин бошчилигидаги Россия Федерацияси.
“Ҳаддан зиёд қуролланишга киришган Россия НАТО билан ҳарбий тўқнашувга ҳозирлик кўрмоқда ва ўз манфаатларини илгари суриш йўлида ҳарбий куч ишлатишни қонуний восита деб ҳисобламоқда”, – дейди Борис Писториус.
Концепцияга кўра, Германиянинг камида 460 минг кишили армияси иттифоқчилар билан биргаликда Москванинг эҳтимолий агрессиясига қарши жавоб беришга шай ҳолатда бўлиши керак.
Германия мудофаа вазири таъкидича, НАТОни пароканда қилиш ва йўқ қилишга уринаётган Россия ҳозирда ҳарбий альянс давлатларига қарши жосуслик, диверсия, киберҳужум, дезинформация каби усулларни қўлламоқда.
Россия ва НАТО, жумладан, Германия ўртасидаги тўқнашув ҳам ўтмиш, ҳам келажак технологиялари воситасид – квант технологиялари ва роботехникадан тортиб арзон дронларга қадар жабҳаларда кечиши мумкин.
“Биз бундесверни (Германия қуролли кучлари назарда тутилмоқда – таҳр.) Европадаги энг кучли доимий армияга айлантирамиз. Яқин истиқболда
мудофаа салоҳиятимизни оширамиз, ўрта истиқболда салоҳиятимизни янада кучайтирамиз, узоқ истиқболда эса технологик устунликни таъминлаймиз”, – деди Б.Писториус.
Мудофаа вазирлиги тахминича, Россия Германиянинг давлат тузилмалари, иқтисодиёт ва аҳолини нишонга олиши эҳтимоли катта.
Борис Писториус кўпдан буён Германия Россия билан эҳтимолий ҳарбий можарога тайёрланиши кераклигини айтиб келади.
Аввалроқ Германия федерал разведка хизмати раҳбари (BND) Бруно Каль ҳам Ғарб давлатлари ўз мудофаа қобилиятини ошириш борасида қатъият кўрсатмаса, президент Владимир Путин Шимолий Атлантика иттифоқи, яъни НАТОга ҳужум қилишидан огоҳлантирганди.
Таҳлилчиларга кўра, юқори мартабали ҳарбийлар ва разведкачиларнинг бу каби огоҳлантиришларини популизм ёки шунчаки иддао деб бўлмайди. 2024 йилда Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари, собиқ президент Дмитрий Медведев “Бизни Берлинда кутинг!” дея Германияга очиқ таҳдид қилгани маълум.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter