Энг батафсил виртуал мия яратилди
АҚШнинг Аллен институти ва Япониянинг Электралоқа университети олимлари сичқоннинг бош мия пўстлоғини тўлиқ моделлаштириб, 9 миллион нейрон ва 26 миллиард синапсни яхлит ишловчи тизимга бирлаштиришди. Тадқиқот натижалари SC25 supercomputing conference анжуманида маълум қилинди.
«Бу чинакам техник сакраш. Агар етарлича имконият яратилса, бундай симуляцияларни самарали ишга тушириш мумкинлигига биринчи марта гувоҳ бўляпмиз» — деди Аллен институти ҳисоблаш гуруҳи раҳбари Антон Архипов.
Унинг айтишича, бу яқин келажакда янада мураккаб мия моделлари, жумладан, инсон мияси устидаги тадқиқотларни янада кенгайтириш мумкинлигидан далолат беради.
Сичқон мияси модели 86 та ўзаро боғлиқ соҳани қамраб олган. У дунёдаги энг кучли Fugaku суперкомпютерида ишлайди. Унинг ресурслари сониясига квадриллионлаб ҳисоблашларни амалга ошириб, нейронлар ўртасидаги миллиардлаб виртуал алоқалар ишини синхронлаштиради.

Сичқон мияси интерактив базаси.
Фото: Connectivity.brain-map.org
Олимларнинг таъкидлашича, сичқоннинг ҳақиқий мияси тахминан 70 миллион нейронни ўз ичига олади — бу моделлаштирилган миядагидан тахминан саккиз баравар кўп. Аммо яратилган шу маълумотлар ҳажми ҳам тадқиқотчиларга алоҳида нейронлар қандай «ёнишини», қўзғалиш тўлқинлари мия бўйлаб қандай тарқалишини ва бир соҳадаги бузилишлар бошқа соҳага қандай ўтишини реал вақт режимида кўриш имконини беради.
Тадқиқотчилар мия тўлқинларининг синхронизацияси ва икки ярим шар ўртасидаги ўзаро таъсирни ўрганиш учун симуляцияни ишлатиб кўришди. Масалан, у диққат ва когнитив жараёнлар билан боғлиқ фаоллик қандай шаклланишини кузатишда ёрдам берди — бу ҳодисани инвазив жараёнларсиз тўғридан-тўғри тирик мияда кузатиш имконсиз эди.
Ушбу виртуал харита миядаги бузилишлар ва бошқа неврологик ҳолатларнинг ривожланиш механизмларини ҳайвонларда такрорий тажрибаларга мурожаат қилмасдан синаб кўриш имконини беради, дейилмоқда.
Кейинги қадам — янада каттароқ моделларни қуриш. Якунда сичқон миясининг бир қисмини симуляциялашдан унинг тўлиқ виртуал шаклини яратиш, сўнгра инсон миясининг худди шундай тўлиқ виртуал харитасини шакллантириш мақсад қилинган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter