Инсон Ердан 406 608 километргача узоқлашди — «Орион» кемаси тарихий маррани забт этди
«Артемида-2» миссияси доирасида Ой томон парвоз қилган «Орион» фазовий кемаси экипажи Ердан 406 608 км масофага узоқлашди. Бу билан «Аполлон-13» кўрсаткичи янгиланиб, инсоннинг коинотга парвозлари тарихидаги энг олис масофага борилди, деб баёнот берди NASA.
Тўрт нафар астронавт: америкаликлар — Рид Вайсман, Виктор Гловер, Кристина Кук ҳамда канадалик Жереми Ҳансен Ойдан 8 047 км узоқроқ нуқтадан ўтувчи траектория бўйлаб ҳаракатланди. Янги натижа «Аполлон-13» экспедицияси томонидан ўрнатилган аввалги максимал кўрсаткичдан тахминан 6 437 км га кўпроқдир.
Ой атрофини айланиб ўтиш давомида экипаж олти соатга яқин вақтни белгиланган орбитада ўтказди. Астронавтлар Ойнинг орқа томонини, шунингдек, Ой Қуёш дискини тўсиб, унинг тожини кўриш имконини берувчи тўлиқ Қуёш тутилиши ҳодисасини кузатиш имконига эга бўлдилар.
Парвоз давомида кема тахминан 40 дақиқа давомида бошқарув маркази билан алоқа ҳудудидан ташқарида бўлди. Ушбу босқич штат режими ҳисобланиб, аппаратнинг Ойга нисбатан жойлашуви билан боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, «Орион» кемаси ўрнатилган SLS ракета-ташувчиси 1 апрел куни Флоридадаги Жон Кеннеди номидаги Космик марказ майдончасидан старт олган эди. Парвоз ўн кунга мўлжалланган.
Маълумот учун, Ойга инсон иштирокидаги охирги парвоз 1972 йил декабр ойида «Аполлон-17» миссияси доирасида амалга оширилган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter