Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Космосда соғлом авлодлар дунёга келиши мумкинми? (видео)

Япониянинг Киото университети олимлари Халқаро космик станцияда 6 ой давомида музлатилган ҳолда сақланган сичқонларнинг репродуктив ҳужайраларидан соғлом авлодлар олишга муваффақ бўлди. Бу кашфиёт келажакда космосда соғлом авлодлар дунёга келиши мумкинлигига умид уйғотмоқда.

Олимларнинг «космик сичқон болалари»ни олишга муваффақ бўлгани коинотни ўзлаштириш ва узоқ муддатли космик парвозларни амалга ошириш режалари учун муҳим қадам бўлиши мумкин.

Космик туризмнинг ривожланиши ва Марс каби сайёраларни тадқиқ этиш режалари билан бирга кўплаб инсонлар келгуси йилларда Ердан ташқарида анча кўп вақт ўтказишимиз мумкин, деб ҳисобламоқда. Бироқ бундай узоқ муддатли миссиялар космик парвозларнинг инсон организмига салбий таъсири туфайли чекланиши ёки ҳатто бекор қилиниши мумкин. Масалан, космосда узоқ вақт бўлиш мушаклар заифлашиши ва суяк зичлигининг камайиши каби жиддий оқибатларга олиб келади.

Узоқ муддатли космик миссияларни режалаштираётган олимларни яна бир масала — космик парвозларнинг инсоннинг соғлом фарзанд кўриш қобилиятига таъсири хавотирга солиб келади.

Шу боис космик парвозлар натижасида тухум ҳужайраси ва сперматозоидга айланадиган жинсий ҳужайралар қандай ўзгаришларга учрашини ўрганиш муҳим. Чунки ушбу ҳужайраларга етказилган ҳар қандай зарар келажак авлодлар учун қайтариб бўлмайдиган муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Аввалги тадқиқотларда ҳам жинсий ҳужайралар космик парвоз шароитига дуч келганда турли аномалиялар пайдо бўлиши мумкинлиги аниқланган эди. Аммо олимлар бу жараён қандай кечишини ҳанузгача тўлиқ тушунмаган.

Янги тадқиқот эса ушбу саволга жавоб излаш жараёнида ўзига хос натижага олиб келди — «космик сичқон болалари» дунёга келди.

Ҳужайралар 6 ой давомида сақланди, соғлом сичқонлар туғилди

Киото университети тадқиқотчилари сичқонлардан олинган ҳужайраларни ажратиб, уларни сақлаш мақсадида музлатди. Кейин ушбу ҳужайралар Халқаро космик станцияга (ХКС) юборилди ва у ерда махсус музлаткичда 6 ой давомида сақланди.

Ҳужайралар Киотога қайтарилгандан сўнг тадқиқотчилар уларни текшириб, бирор-бир аномалия пайдо бўлган ёки бўлмаганини аниқлашга ҳаракат қилди. Бироқ текширувлар натижасида жиддий ўзгаришлар аниқланмади.

Олимлар янада батафсил тадқиқот ўтказиш учун ушбу ҳужайраларни сичқон организмига кўчирди. Кейин сичқонлар жуфтлаштирилди ва натижада улардан болалар туғилди.

Тадқиқотчилар туғилган сичқон болалари соғлом кўринишга эга эканини ва улардаги генлар одатдагидек ишлаётганини аниқлади.

Шу асосда олимлар музлатилган жинсий ҳужайралар космос шароитида камида 6 ой давомида ўзининг кўпайиш қобилиятини сақлаб қолиши мумкин, деган хулосага келмоқда.

Тадқиқотнинг бош муаллифи Мито Канатсу-Шинохара келажакда инсон иштирокидаги космик парвозларда ҳужайраларни сақлаш имкониятларини яхшироқ тушуниш учун уларни Халқаро космик станцияда қанча вақт давомида сақлаш мумкинлигини аниқлаш муҳимлигини таъкидлади.

Космосда авлод қолдириш имконияти ўрганилмоқда

Тадқиқот натижалари келажакда космик парвозлар вақтида инсоннинг репродуктив ҳужайраларини ҳам музлатилган ҳолда сақлаш мумкин бўлишига ишора қилмоқда.

Бироқ олимлар ҳозирча бу натижаларни инсонларга тўғридан-тўғри татбиқ этишга шошилмаяпти. Бунинг учун қўшимча тадқиқотлар ўтказилиши зарур.

Хусусан, тадқиқотда олинган сичқонларни уларнинг бутун умри давомида кузатиш, шунингдек, кейинги авлодларида қандайдир ўзгаришлар пайдо бўлиш-бўлмаслигини ўрганиш талаб этилади.

Шундан кейингина космик муҳитнинг репродуктив ҳужайраларга ва келажак авлод саломатлигига узоқ муддатли таъсири ҳақида аниқроқ хулосалар чиқариш мумкин бўлади.

Ҳозирча эса олимларнинг тажрибаси космосда узоқ муддат қолиш ва келажакда инсонларнинг Ердан ташқарида соғлом авлод қолдириши мумкинми, деган саволга жавоб излашда муҳим қадам бўлиб турибди.

Барно Мелиқулова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг