АҚШ ва Канада ракета ҳимоя тизими – «Олтин гумбаз» бўйича ҳамкорлик қилмоқчи

Вашингтон ва Оттава янги авлод ракетага қарши ҳимоя тизими — «Олтин гумбаз» (Golden Dome) лойиҳаси бўйича яқин ҳамкорлик бошлаган. Бу ҳақда Дональд Трамп Вашингтонда Канада бош вазири Марк Карни билан учрашув чоғида маълум қилди.
«Биз Канада билан янги даражадаги хавфсизлик ҳамкорлигини бошладик. «Олтин гумбаз» икки давлат осмонини қўшма муҳофазага олади», – деди Трамп.
Трамп администрацияси ишлаб чиқараётган «Golden Dome» – Исроилнинг машҳур «Iron Dome» («Темир гумбаз») тизими асосида яратилган янги авлод лойиҳаси бўлиб, унинг вазифаси баллистик, қанотли ва гипертовуш ракета ҳужумларини автоматик аниқлаш ва йўқ қилиш.
Аммо янги тизимнинг миқёси анча кенг: у фақат шаҳарлар эмас, балки бутун мамлакатлар ҳудудини қамраб олишни кўзлайди. Лойиҳанинг дастлабки босқичига 175 миллиард доллар ажратилиши режалаштирилган.
Канада бош вазири Марк Карнининг таъкидлашича, Оттава лойиҳага ҳарбий ва илмий ҳамкор сифатида қўшилиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Унинг фикрича, бу ташаббус НАТО доирасида ҳам муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
«Сўнгги йилларда дунё хавфсизлик муҳити ўзгарди. Биз бу ўзгаришларга технология орқали жавоб беришимиз керак», – деди Карни.
Канада бу тизимнинг шимолий қитъалар орқали тарқаладиган ракета хавфларига қарши қўлланилишидан манфаатдор.
Баъзи экспертлар «Олтин гумбаз» лойиҳасини сиёсий ва технологик жиҳатдан хатарли қадам деб баҳоламоқда. Британиянинг The Guardian нашри ёзганидек, гипертовуш ракеталарга қарши самарали ҳимоя тизими ҳали амалда мавжуд эмас, шу боис лойиҳанинг реал натижа беришига шубҳа билан қаралмоқда.
«Бу лойиҳа – фақат сиёсий рамз, реал мудофаа самараси йўқ. Канада бизнинг хавфсизлик сиёсатимизга зид бўлган исботланмаган, эҳтимол самарасиз тизимга шошилинч мажбуриятдан кўра яхшироқ нарсага лойиқдир. «Олтин гумбаз» чиройли эшитилиши мумкин, лекин бу «ёлғончи олтин»дир», – дейди канадалик таҳлилчи Брюс Мюррей.
Қайд этилишича, «Олтин гумбаз» лойиҳаси Трампнинг янги муддатдаги ташқи сиёсий дастурининг муҳим қисми ҳисобланади. Унинг режасига кўра, бу тизим нафақат Америка ва Канадани, балки бутун Шимолий Америка минтақасини умумий мудофаа ҳимоясига олади.
Қўшма Штатлар президенти, шунингдек, лойиҳани Европа иттифоқи ва Япония билан ҳам интеграция қилишни режалаштирганини билдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter