Беларус далаларида ўзбек саримсоқпиёзини етиштириш бошланди
Беларуснинг Витебск вилоятида Ўзбекистондан олиб келинган кузги саримсоқпиёзни экиш бўйича йирик агротехнологик тажриба бошланди.
Беларус ОАВда ёзилишича, Витебск туманидаги «Ольговское» ишлаб чиқариш кооперативи далаларида илк бор Ўзбекистондан келтирилган серҳосил ва чидамли «Қизил май» навли кузги саримсоқпиёз экилмоқда.
Деҳқончилик ишлари учун хўжаликнинг унумдор ва юмшоқ тупроқли 2,5 гектар ер майдони ажратилган. Тажрибада ўзбек агрономлари ҳам қатнашиб, маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликда жараённи назорат қилмоқда.
Саримсоқпиёз экиш ишлари Андижон вилоятида фаолият олиб бораётган «Техмаш» қўшма корхонасининг махсус экиш техникалари ёрдамида амалга оширилмоқда. Олимлар ва агрономлар маҳаллий иқлим шароитида қайси усул энг юқори ҳосил беришини аниқлаш мақсадида ҳозирда икки хил экиш усулини (75 сантиметрли икки қаторли ва 40 сантиметрли уч қаторли) синовдан ўтказмоқда.
«Ольговское» кооперативи бош агрономининг таъкидлашича, экилган уруғларнинг ривожланиши доимий назоратда ва мазкур ўзбек навининг дастлабки ҳосилини 2027 йилнинг июл ойида йиғиб олиш режалаштирилган. Бу мавсумда Л.Доватор номидаги Улла давлат коллежи далаларида ҳам Ўзбекистон саримсоқпиёзини экиш режалаштирилган.
Витебск вилояти ва Ўзбекистон ҳудудлари, хусусан, Андижон вилояти ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик фаоллашган.
Аввалроқ вилоятда ўзбек фермерларига картошка етиштириш учун 2 минг гектар ер ажратилган ҳамда чорвачилик йўналишида қўшма лойиҳалар бошланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter