Беларус фуқароларига Россияга сафар қилмаслик тавсия қилинди
Беларус Хавфсизлик кенгаши давлат котиби Александр Вольфович мамлакат фуқароларини, айниқса Россиянинг чегара ҳудудларига сафар қилишдан вақтинча воз кечишга чақирди.
Унинг таъкидлашича, Беларус раҳбарияти бу ҳақда аввал ҳам бир неча бор огоҳлантирган. Чегара ҳудудларида ҳар куни дронлар ҳужуми ва хавфли ҳолатлар кузатилаётгани сабабли сафар қилувчилар ўз ҳаётини катта хатар остига қўяди.
Вольфович яқинда Қора денгиз соҳилидаги Анапа шаҳрига йўл олган беларусликлар тушган автобус билан боғлиқ воқеага изоҳ берар экан, бу хусусий сафар бўлганини ва бундай йўналишларда ҳеч бир транспорт компанияси хавфсизликни кафолатлай олмаслигини айтди.
Шунингдек, у беларусликларни мамлакат ичидаги дам олиш масканларини танлашга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Беларус ҳудудида кўллар, дарёлар, ўрмонлар ва оилавий ҳордиқ чиқариш учун етарлича гўзал жойлар мавжуд.
«Махсус ҳарбий операция» тугамагунча Россиянинг хавфли ҳудудларига сафар қилиш тавсия этилмайди, деди Александр Вольфович.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter