Евроиттифоқ Россияга қарши 21-санкциялар пакетини маъқуллади
Европа Иттифоқига аъзо давлатлар элчилари Россияга қарши 21-санкциялар пакети бўйича сиёсий келишувга эришди. Ҳужжат яқин соатларда ёзма тартибда расман қабул қилиниши кутилмоқда. Янги чекловлар Россиянинг молиявий тизими, энергетика соҳаси ва санкцияларни четлаб ўтиш механизмларига қўшимча босим ўтказишга қаратилган.
Янги пакетнинг энг муҳим бандларидан бири Россия нефти учун амалдаги баррели 44,10 долларлик нарх чегарасини яна 12 ойга сақлаб қолиш бўлди. Европа Иттифоқи ушбу механизм орқали Россиянинг нефт экспортидан оладиган даромадларини чеклашни мақсад қилган.
Шунингдек, санкциялар рўйхатига 250 нафар жисмоний ва юридик шахс киритилмоқда. Бу уруш бошланганидан бери бир вақтнинг ўзида рўйхатга киритилаётган энг йирик кенгайтириш ҳисобланади. Янги чекловлар Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бераётган банклар, компаниялар, криптовалюта платформалари ва бошқа ташкилотларни ҳам қамраб олади.
Музокаралар давомида энг катта баҳс Россиянинг суюлтирилган табиий гази (СТГ) масаласида юзага келди. Греция Россия СТГсини учинчи давлатларга ташишга тўлиқ тақиқ қўйилишига қарши чиққан эди. Натижада томонлар муросага келиб, Россия СТГсини учинчи мамлакатларга қайта юклаш ва ташиш бўйича амалдаги истиснони яна бир йилга узайтириш, зарурат туғилса уни автоматик равишда узайтиришга келишиб олди. Бу қарор, асосан, Грециянинг денгиз ташувчилари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди.
Аввалроқ муҳокама қилинган Россия балиғи импортини тўлиқ тақиқлаш ҳамда Украинадаги урушда қатнашган барча россияликларга виза чекловларини жорий этиш каби таклифлар эса музокаралар давомида юмшатилди ёки пакетнинг якуний матнига киритилмади.
Дипломатларнинг таъкидлашича, Грециянинг эътирозлари туфайли бир неча кун давом этган музокаралардан сўнг Европа Иттифоқи мамлакатлари ягона позицияга келди. Бу келишув Европа Иттифоқининг Россияга нисбатан санкция сиёсатини сақлаб қолиш ва уни янада кучайтиришга қаратилган навбатдаги қадам сифатида баҳоланмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter