Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эзгулик рамзи ила ниқобланган ваҳшийлик

Эзгулик рамзи ила ниқобланган ваҳшийлик

фото: интернет, очиқ манба

1947 йилнинг сўлим ёзи – июль ойининг эрта тонги эди. АҚШнинг Нью-Мексико штатида ҳар хил миш-мишлар тарқалди: «Эшитдингизми, Росуэлл шаҳри атрофида ғайритабиий темир парчалари топилганмиш. Мутахассислар уларни ўзга сайёрадан келиб, ерга қўнмоқчи бўлган номаълум учар жисмга тегишли, дейишаётган эмиш...»

Оғзаки гап-сўзлар ҳеч қанча вақт ўтмай босма манбаларга кўчди. Кечки нашрларнинг илк саҳифалари бир-биридан ваҳимали хабарлар билан тўлиб-тошди. Бир неча соатдан кейин эса тескариси бўлди: газеталарда кетма-кет раддиялар берила бошланди. Уларнинг мухтасар мазмуни қуйидагича эди: «Бизнинг замонамизда алланечук учар жисмлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Топилмалар эса руслар айғоқчилик мақсадида учирган ҳаво шарининг қолдиқлари, холос!»

Аслида-чи?..

Аслида бир-бирини инкор этувчи маълумотларнинг дастлабкиси ишончли манбадан олинганди. Уни АҚШнинг 509-авиация полки қўмондони, полковник Бленгард берганди. Ҳеч ким унинг ёлғон гапиришига ишонмасди. Чунки ўта уддабурон ва сермулоҳаза бу инсон бирор фикр билдиришдан олдин оқибатини обдон ўйлаб кўрадиган, таъбир жоиз бўлса, етти ўлчаб бир кесадиган кишилар тоифасидан эди. Шундай фазилатларга эгалиги шарофати ўлароқ, у кейинчалик генерал унвонига лойиқ кўрилди ва АҚШ ҳарбий ҳаво қўшинлари штаби бошлиғининг ўринбосари лавозимида хизмат қилди. Бу – биринчидан.

Иккинчидан, ғайриоддий темир бўлакларини ўз касбининг моҳир устаси – ўша полкнинг разведка бўлими учувчиси, майор Жесси Марсел текширганди. Пироварида «Улар ҳаво шарига мутлақо тааллуқли эмас. Сабаби – олов гирдобида қолмаган. Оғирлиги деярли билинмайди. Қалин эмас, зарқоғоз мисоли юпқа. Бироқ жуда пишиқ-мустаҳкам. Шу боис саккиз килограммлик катта болға билан урилганда ҳам пачоқланмади, лоақал сиртига из тушмади. Бинобарин, уларни келиб чиқиши жиҳатидан Ер жисмлари сирасига киритиб бўлмайди», деган хулосага келганди.

Турган гап, шу ўринда ҳақли савол туғилади: у ҳолда нима учун матбуотда раддиялар берилди? Наҳотки, икки бирдай таниқли одам адашган, ҳаво шари билан номаълум учар жисмнинг фарқига бормаган бўлса?

Бу саволлар узоқ вақт жавобсиз қолди. Ниҳоят, 1992 йилга келиб, сир очилди. Уни генерал Босси ошкор этди. Айтишича, 45 йил бурунги шов-шувли тонгда Техасда жойлашган 8-авиация бригадаси саркори, генерал Ромай Вашингтондан ўта муҳим махфий топшириқ олади. У қандай бўлмасин, эшикдан қувсанг, тешикдан бостириб кирадиган мухбирлар чакагини ўчириши, бунинг учун ўзи истаганча ёлғон тўқиб, топилмалар номаълум учар жисмга тегишлии эмаслигига журналистларни ишонтириши шарт эди.

Амалда шундай бўлди ҳам. Гезеталарда пешма-пеш раддиялар берилди. Гўёки қорлар ёғиб, излар босилди. Вақт ўтиши билан бу воқеа одамлар ёдидан кўтарилгандай туюлди. Бироқ тиниб-тинчимас журналистлар бўш келишмади. Айниқса, генерал Боссининг баёнотидан сўнг асл ҳақиқатнинг тагига етиш учун курашни янада кучайтиришди.

Ғарб матбуоти 1998 йили тағин эски мавзуга қайтди. Газета-журналлар ва радио-телевидениеда бир пайтлар Росуэллда топилган металл жисм қолдиқлари ҳақида ҳар хил фикр-мулоҳазалар билдириш авж олди. Улар фақат бир жиҳатдан – топилмалар ўзга сайёраларга мансуб эмаслигини таъкидлашига кўра, генерал Ромайнинг гапига яқинроқ турарди. Иккинчи томонда, яъни «Топилма парчалар японларнинг «Фу-Гоу» номли ҳаво баллони қолдиқларидир» дейилиши бўйича эса, ундан кескин фарқ қиларди.

Агар «Бу қанақа баллонлар?» деб қизиқаётган бўлсангиз, ҳозир тушунтириб бераман.

Ҳужжатларга қараганда, Япония Қуролли кучлари 1944 йилнинг 4 ноябридан эътиборан бир неча ой давомида АҚШ ҳаво ҳудудларига одам томонидан бошқарилмайдиган, дам уриб шиширилган 9300 та баллонни учирган. Уларнинг ҳар бирига 30 килограммдан бомба юкланган, сиртига эса хризантема гулининг акси туширилган.

Баллонлар АҚШнинг Тинч океани қирғоқларига туташ шаҳар-қишлоқлари узра 650 милл масофага тарқалган. Баъзилари Шарқ томонга, ҳатто Мичиганга қадар учиб борган. Атмосферанинг юқори қисмига кўтарилганлари ўз-ўзидан буғланиб кетган.

Смитсон институти маълумотларига кўра, бу баллонлар гоҳида бус-бутунлигича ерга қулаб тушган. 1945 йилнинг 8 августигача бўлган вақт оралиғида айни ҳолат 285 марта такрорланган. Бироқ АҚШ ҳукумати ҳаво баллонлари хусусида бирон-бир хабар тарқатишни қатъиян тақиқлаб қўйгани туфайли ўша жараёнда рўй берган портлашлар оқибати ошкор этилмаган.

Қарабсизки, японлар ўз ҳужумлари натижасидан воқиф бўлишолмаган, шу боис «баллонли уруш»ни тўхтатишган. Лекин муқаддам учирилган баллонларнинг хавфли парвози давом этаверган. Айримлари осмону фалакдан қулаб тушаверган. Балки шундандир, масъуллар Росуэллдан топилган металл парчаларини ҳам парвози тугаган навбатдаги япон ҳаво баллонига тааллуқли деб ҳисоблашгандир. Балки бунга майор Жесси Марсел ўз хулосаларида келтирган таснифлар япон баллонлариникига бирмунча ўхшашлиги дастак бўлгандир.

Албатта, хризантема гулининг тасвири туширилган бомбали баллонлар ўз даври учун бағоят мураккаб қурилма саналган. Уларга ҳарбий техниканинг энг сўнгги ноёб ютуғи сифатида қаралган. Яна бир нарсани унутмаслик, тайин ҳақиқатдан зинҳор-базинҳор кўз юммаслик керак: майор Жесси Марсел текширувни синчковлик билан ўтказганди. Инсониятга бегона ғайритабиий жисмлар сиртида ҳеч қанақа хризантема гули расмини кўрмаган, аммо нотаниш ёзувлар борлигини пайқаганди. Орадан йиллар ўтиб, майорнинг ўғли шов-шувларга сабабчи бўлган Росуэлл воқеасига бағишланган фильмда ўша ёзувларни намойиш қилди. Шундан сўнг баъзи мутахассислар бу битиклар кўҳна немис алифбоси билан боғлиқ деган фикр-мулоҳазаларни ўртага ташлай бошладилар...

А.Ҳайдаров

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг