Форс кўрфазида сулҳдан кейинги ҳужумлар: Эрон томони тушунтириш берди
АҚШ ва Эрон ўртасида икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш келишуви эълон қилинганидан сўнг ҳам Форс кўрфази давлатларида ҳужумлар ҳақида хабарлар тарқалди.
Бирлашган Араб Амирликлари мудофаа вазирлиги маълум қилишича, мамлакат ҳаво ҳимоя тизимлари Эрон томонидан учирилган ракета ва дронларни қайтариш билан шуғулланган. Турли ҳудудларда эшитилган портлаш овозлари ушбу ҳаво ҳужумларини қайтариш жараёни билан боғланган.
Қувайт ҳам ўз ҳудудига дронлар билан ҳужум қилинганини билдирди. Армия маълумотига кўра, жами 28 та дрон қайтарилган, уларнинг айримлари нефть объектлари, электр станциялари ва сув тозалаш иншоотларини нишонга олган.
Баҳрайн Ички ишлар вазирлиги эса дрон ҳужуми оқибатида икки нафар фуқаро енгил жароҳат олганини маълум қилди. Манама шаҳрида портлаш овозлари эшитилган, айрим энергия объектлари жойлашган ҳудудларда тутун кўтарилгани кузатилган.
Ўз навбатида, Эрон давлат ОАВси – IRIB Лаван оролидаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилинганини, айни пайтда ёнғин ўчирилгани ва жабрланганлар йўқлигини маълум қилди.
Бир муддат ўтиб эса, Эрон томони юқоридаги ҳужумга жавобан юқорида номлари келтирилган Форс кўрфази давлатлари нефтни қайта ишлаш объектлари ва сув тозалаш иншоотларига ҳужум қилганини билдирди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter