Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Flydubai самолётида фавқулодда ҳодиса: очиқ қолаётган саволлар

Flydubai самолётида фавқулодда ҳодиса: очиқ қолаётган саволлар

Бирлашган Араб Амирликлари ваколатли идоралари Flydubai учоғида 30 сентябр куни рўй берган ҳодиса аввалдан режалаштирилган терактми ёки воқеа ортида бошқа мотивлар мавжудми деган масаласига ойдинлик киритиш учун тергов бошлади.

Euronews телеканали хабар беришича, тергов гуруҳи БАА Фуқаро авиацияси бош бошқармаси билан ҳамкорликда суриштирув олиб бормоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Flydubai ширкатининг Дубайдан Тел-Авивга FZ1073-рейс билан парвоз қилаётган учоғи 30 сентябр куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 09:00 да «самолётни эгаллаб олишга уриниш» сигнали берилгач, Саудия Арабистонининг Табук шаҳридаги аэропортга фавқулодда қўнган.

Ҳодиса учувчилар кабинасидаги жанжал сабаб юзага келгани тахмин қилинмоқда. Асосий версияга кўра, иккинчи учувчи борт командирига пичоқ билан ҳужум қилиб, самолёт бошқарувини ўз қўлига олишга уринган.

Кураш вақтида самолёт Саудия Арабистони ҳудуди устида атиги 29 сонияда 9410 метрдан 5105 метргача кескин пасайган.

«Тўсатдан самолёт худди аттракциондагидай катта босим остида пастга қулай бошлади. У 20 ёки 30 сония давомида шиддат билан қулади, сўнг барқарорлашди, шундан сўнг яна қулай бошлади», — дея ҳикоя қилган Алмог Итали исмли йўловчи.

Boeing 737 MAX 8 бортида 174 киши, жумладан, 27 нафар бола бўлган. Уларнинг аксари Исроил фуқаролари эди.

Йўловчиларнинг сўзларига кўра, дастлаб учувчилар кабинасидан бақир-чақир эшитилган. Кейин кабина эшиги очилиб, йўловчилар учувчилардан бири жароҳатлангани ва кийимлари қонга беланганини кўрган. Унга касби шифокор бўлган йўловчи илк тиббий ёрдам кўрсатган. Экипаж аъзолари ва йўловчилар ҳужум қилган шахсни зарарсизлантиришга муваффақ бўлган.

Самолётни Саудия Арабистонига бортда йўловчи сифатида кетаётган икки нафар бошқа учувчи қўндирган. CNN маълумотига кўра, улар кейинги рейсни амалга ошириши керак бўлган захира учувчилар эди.

Flydubai ширкати ҳодисадан бир неча соат ўтиб, Саудияга бошқа учоқни йўллаган ва Исроилнинг 170 га яқин фуқароси ватанига қайтарилган.  

Самолётдаги фавқулодда ҳодиса пайти жароҳатланган учувчи Ҳиндистон фуқароси Смит Маччхар бўлиб, у айни пайтда шифохонада муолажа олмоқда. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ўз ватандошини юзлаб инсон ҳаётини сақлаб қолган қаҳрамон деб атади.

Исроил расмийлари ҳодисани террорчилик ҳаракати деб атаган. Бироқ бу борада ҳозирча якуний хулоса йўқ.

БАА ҳукумати ҳам, Саудия Арабистони ҳукумати ҳам аниқ баёнот берганича йўқ.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу биринчи учувчига ҳужум қилган иккинчи пилот Ўмон фуқароси экани ва у айни пайтда Саудия Арабистонида тергов қилинаётганини маълум қилган.

АҚШ президенти Доналд Трамп ҳодисани Нетаняҳу билан телефон орқали суҳбатда муҳокама қилгани, ҳужум қилиб ҳамкасбини яралаган учувчи террорчи ёки телба бўлиши мумкинлигини айтган.

Буюк Британиянинг The Independent газетасига кўра, Flydubai учоғида рўй берган фавқулодда ҳодиса Исроил бош вазири Нетаняҳу фойдасига ишлаши мумкин.

Гап шундаки, жорий йил 27 октябр куни Исроилда парламент сайлови бўлиб ўтади. Ғазо секторида сўнгги уч йил ичида ўн минглаб тинч аҳоли вакилини ўлдиришда айбланаётган Нетаняҳу сайловда яҳудий электоратининг овозини олиш учун бор имкониятини ишга солмоқда.

The Independent шарҳловчиси Сам Кайлининг ёзишича, Нетаняҳу учоқ билан боғлиқ ҳодисадан фойдаланиб, сайловчиларни Исроил таҳдид остида экани, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун у каби қаттиққўл раҳбар кераклиги ҳақидаги фикрига ишонтиришга уринади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг