Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Исроил фаластинлик маҳбусларни қўриқлашда тимсоҳлардан фойдаланмоқчи

Исроил фаластинлик маҳбусларни қўриқлашда тимсоҳлардан фойдаланмоқчи

Фото: AP

Исроил атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Идит Силман нил тимсоҳини кўпайтириладиган ёввойи ҳайвон деб эълон қилди. Бу чора-тадбир Исроил қамоқхоналар бошқармасига тимсоҳлардан фаластинлик маҳбуслар сақланаётган тутқунгоҳларни қўриқлашда фойдаланиш имконини беради.

Euronews хабарига кўра, ушбу қарорга вазирликнинг ҳуқуқшуноси эътироз билдирган.

Мамлакат табиат ва миллий парклар бошқармаси ҳам ёввойи ҳайвонларни фақат илмий-маърифий мақсадларда сақлаш мумкинлиги ҳақида баёнот берган.

Исроил ҳукуматининг радикал қанотга мансуб аъзоси, миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир 2025 йил декабр ойида фаластинлик маҳбуслар сақланаётган қамоқхоналарни тимсоҳлар ёрдамида қўриқлаш ташаббусини илгари сурган эди.

Ушбу ташаббус эгалари АҚШ ва Жанубий Америка давлаттларида тимсоҳлар озодликдан маҳрум қилиш муассасаларини қўриқлашга сафарбар этилганини иддао қилган. Аммо ҳуқуқшунослар вақтинчалик шундай амалиёт кузатилгани, аммо у мунтазам йўлга қўйилмаганини айтган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроил хавфсизлик важидан фаластинликларни айблов эълон қилмаган ҳолда қамоқда сақлаб келишини танқид қилади. Бу амалиёт, айниқса, 2023 йил 7 октябрдан кейин кучайган.

BBC нашрига кўра, Ғарбий Соҳилдаги деярли ҳар бир оила вакиллари Исроил қамоқхоналарида ўтириб чиққан. Маҳбуслар Исроил ички ҳудудларида сақлангани сабаб яқинлари улар ҳолидан умуман хабар ололмайди.

БМТ ҳисоботида қайд этилишича, Исроил 1967 йилдан буён 800 мингдан зиёд фаластинликни асоссиз равишда ёки арзимас шубҳа-гумон билан ҳибсга олган.

«Исроил ҳарбий оккупацион маъмурияти Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларини очиқ осмон остидаги қамоқхонага айлантирган», — дея баёнот берган БМТнинг махсус маърузачиси Франческа Албанезе.

Қамоққа олинган фаластинликлар орасида болалар ҳам кўплиги хавотир уйғотиб келади.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбусларга нисбатан қийноқ, жисмоний ва жинсий зўравонлик ҳаракатлари содир этилгани юзасидан хавотир билдирган.

Ташкилотнинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича директори ўринбосари Сара Хашашга кўра, Негев чўлидаги Сде-Тейман тутқунгоҳида фаластинлик маҳбусларга ноинсоний муносабат ва қийноқ қўллангани далиллар билан исботланган.

Жорий йил март ойида Исроил парламенти (Кнессет) террористик ҳужумларда айбланган фаластинликлар учун ўлим жазосини стандарт жазо сифатида белгиловчи қонунни қабул қилди.

БМТнинг фаластинлик қочқинларга кўмак бўйича агентлиги бош комиссари, шунингдек, Буюк Британия, Франция, Германия, Италия каби Европа давлатлари вакиллари ушбу қонунни демократик тамойилларига зид дея қоралаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг