Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонлик экспортчи Россия компаниясидан қарийб 947 минг доллар ундирмоқчи

Ўзбекистонлик экспортчи Россия компаниясидан қарийб 947 минг доллар ундирмоқчи

Россиянинг Шимолий Кавказ округи Арбитраж суди Краснодар ўлкаси Арбитраж судининг Тошкент шаҳар суди қарорини тан олиш ва ижро этишни рад этган ажримини бекор қилди.

Тошкентда рўйхатдан ўтган Dry-Fruits Industry компанияси Россиянинг «Гут-Агро» корхонасидан 946,9 минг доллар қарз ва суд харажатларини ундиришни талаб қилмоқда.

Низо томонлар ўртасида 2024 йил апрелида маҳсулот етказиб бериш бўйича тузилган шартнома асосида келиб чиққан. Кейинчалик Тошкент шаҳар суди Россия компаниясидан қарздорлик ва суд харажатларини ундириш ҳақида қарор чиқарган.

Бироқ Краснодар ўлкаси Арбитраж суди «Гут-Агро» Тошкентдаги суд жараёни ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинмаган, деган асос билан Ўзбекистон суди қарорини тан олиш ва ижро этишни рад этган.

Ишдаги асосий масалалардан бири gut-agro@yandex.ru электрон почта манзили бўлган.

Dry-Fruits Industry вакилларига кўра, томонлар айнан шу манзил орқали ишбилармонлик ёзишмаларини олиб борган ва Тошкент шаҳар суди ҳам суд мажлиси ҳақидаги хабарномани шу электрон почтага юборган.

Россия компанияси эса ушбу манзил юридик аҳамиятга эга хабарларни қабул қилиш учун расмий манзил эмаслигини билдирган. У компаниянинг Россия юридик шахслар ягона давлат реестридаги маълумотларида ҳам, томонлар ўртасидаги шартномада ҳам кўрсатилмаган. «Гут-Агро» раҳбари мазкур электрон почта унга тегишли эмаслигини айтган.

Кассация инстанцияси эса бу ҳолатлар Тошкент суди қарорини ижро этишдан бутунлай бош тортиш учун етарли эмас, деган хулосага келган.

Суд янги кўриб чиқишда «Гут-Агро» Тошкентдаги суд жараёнидан амалда хабардор бўлган-бўлмагани ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлган-бўлмаганини аниқлаш зарурлигини қайд этган.

Шунингдек, томонлар ўртасида аввалдан шаклланган электрон ёзишмалар амалиётига ҳам баҳо берилиши керак. Агар электрон манзил амалда компаниянинг корпоратив ёки хизмат почтаси сифатида қўлланган бўлса, бу юридик шахснинг ҳаракати сифатида баҳоланиши мумкин.

Краснодар ўлкаси Арбитраж судининг 2026 йил 22 январдаги ажрими бекор қилинган ва иш қайта кўриб чиқиш учун юборилган.

Янги кўриб чиқиш доирасида дастлабки суд мажлиси 2026 йил 10 декабрга белгиланган.

Маълумот учун, «Гут-Агро» 2022 йилда Краснодар ўлкасида рўйхатдан ўтган бўлиб, сабзавот, полиз ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланади. Dry-Fruits Industry эса Тошкентда фаолият юритиб, қуруқ мевалар ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга ихтисослашган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг