Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қатар Исроил илгари сурган айбловни рад этди

Қатар Исроил илгари сурган айбловни рад этди

Мажид ал-Ансорий.

Фото: Қатар ташқи ишлар вазирлиги

Қатар давлати Исроил сиёсатчиларининг сайловга аралашиш ҳақидаги иддаосини рад этди. Аввалроқ бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг «Ликуд» партияси ва унга алоқадор оммавий ахборот воситалари Қатарни Исроилдаги араб партияларини молиявий дастаклашда айблаган эди.  

Қатар ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мажид ал-Ансорий Исроилдаги сайловга аралашиш ёки молиялаштириш ҳақидаги даъволарни ҳақиқатдан йироқ деб атади.

«Биз Исроилдаги айрим сиёсатчилар ва ОАВ илгари сурган айбловларни ҳамда Қатарни Исроилдаги сайловдан кейинги сиёсий баҳсларга тортишга қаратилган навбатдаги дезинформация кампаниясини рад этамиз», — деди Қатар ТИВ вакили.

Расмий Доҳа Исроил сиёсатчиларнинг бу хатти-ҳаракатини “ҳам кулгили, ҳам хатарли” деб баҳолаган.

«(Баъзи исроиллик сиёcатдонлар) Қатарни Бинямин Нетаняҳу, исроиллик сўл сиёсатчилар ва мана энди сўнгги кампания давомида араб сайловчиларни сотиб олишда айбламоқда. Агар бу даъволарга ишонсак, Қатар гўёки бутун Исроил устидан ҳукм юритмоқда», — деди Мажид ал-Ансорий.

Қатар ТИВ расмий вакили фикрича, Исроил сиёсатчилари одамларни чалғитиш ўрнига сайловчиларнинг кундалик ҳаётини яхшилаш, урушлар орқали минтақага етказилган зарарни камайтириш устида бош қотиргани маъқулроқдир.

Аввал хабар берганимиздек, Исроилда жорий йил 27 октябрь куни парламент сайлови бўлиб ўтди. Сайловда электоратнинг иштирок этиш даражаси 77,7 фоизни ташкил этди. Бу сўнгги йигирма йилдан ортиқ даврдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири.

Барча овозлар ҳисобланганидан кейинги натижаларга кўра, бош вазир Бинямин Нетаняҳу бошчилигидаги блок 53 та (2022 йилги сайловда 64 та), мухолифат етакчиси Гади Айзенкот бошчилигидаги блок 48 та ўрнини қўлга киритди. Араб партиялари эса парламентдаги 16 та курсини эгаллади (2022 йилда сайловда 10 та ўрин эди).

Натижалар расман эълон қилингач, Исроил президенти Ицхак Герцог барча сиёсий фракциялар билан маслаҳатлашган ҳолда, муваффақият қозониши эҳтимоли катта бўлган сиёсий етакчига ҳукуматни шакллантириш вазифасини топширади. Бу жараён эса бир неча ҳафтага чўзилиши мумкин.

Исроил парламенти — Кнессет 120 ўриндан иборат. Ҳукумат тузиш учун камида 61 депутатнинг қўллаб-қувватлаши зарур. Айни пайтда на Нетаняҳу партияси, на Айзенкот блоки ҳукуматни якка ҳолда шакллантириш имконига эга.

Ҳозирги вазиятда араб партиялари ҳукумат тузишда муҳим ўрин тутади. Аммо яҳудий партиялари улар билан ҳамкорлик қилмасликка ваъда бергани маълум.

Араб партиялари билан ҳамкорликдан бош тортиш сайловни қайта ўтказишга олиб келиши мумкин. Шунга кўра, таҳлилчилар Исроилдаги ҳозирги сиёсий вазиятни боши берк кўчага қиёсламоқда.

Сиёсий танглик шароитида эса Исроилдаги айрим сиёсатчилар ташқи кучлар, жумладан, Қатарни айблаб, сайловдаги муваффақиятсизлигини хаспўшлашга уринмоқда.

Тель-Авивнинг Доҳага қарши кескин риторикаси янгилик эмас. 2025 йил 9 сентябр куни Исроил халқаро ҳуқуқни бузган ва “қизил чегаралар”ни ҳатлаган ҳолда Қатар пойтахти Доҳа шаҳрига авиаҳужум уюштирганди. АҚШнинг яқин иттифоқчиси саналган давлат ҳудудида уюштирилган портлашлар Яқин Шарқ минтақасида кучлар мувозанатини ўзгартириб қолмай, Вашингтонга бўлган ишончсизликни янада орттирганди.

Ўшанда Исроилнинг Доҳага ҳужумини БМТ бош котиби Антониу Гутерриш қоралаганди.

Ўзбекистон ҳам буни Қатар суверенитетини бузиш, чегаралар дахлсизлиги ва хавфсизлигига тажовуз деб баҳолаганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг