Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қирғизистон Конституциявий суди президент ташаббусига қарши чиқди

Қирғизистон Конституциявий суди президент ташаббусига қарши чиқди

Қирғизистон Конституциявий суди мамлакат президенти Садир Жапаровнинг ўлим жазосини қайта тиклашга оид ташаббусини рад этди. Аввалроқ президент маъмурияти болаларни зўрлаш ва шафқатсиз қотиллик жиноятлари учун ўлим жазосини қайта тиклашни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини Конституциявий судга йўллаган эди.

Конституциявий суд томонидан тарқатилган баёнотда қайд этилишича, таклиф этилган ўзгартиришга баҳо беришда унинг Асосий қонунга таъсири инобатга олинган.

Таъкидланишича, инсон ҳуқуқлари Конституцияда олий қадрият сифатида белгиланган. Инсон ҳуқуқларининг ҳимояси эса конституциявий тузумнинг тамалини ташкил этади. Бу жиҳатдан ўлим жазосининг бекор қилиниши ва яшаш ҳуқуқи устуворлиги тан олиниши нафақат ҳуқуқ, балки қадрият жиҳатдан ҳам муҳимдир.

Конституциявий суд халқаро ҳуқуқий меъёрларини ҳам ёдга олган. Қирғизистон Асосий қонунига мувофиқ, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари мамлакат ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ва давлат уларга риоя этиш мажбуриятини олган.

Суд хулосасига мувофиқ, Қирғизистонда конституциявий ўзгартириш орқали ўлим жазосини тиклаш Асосий қонунга зид ва юридик жиҳатдан имконсиздир. Ўлим жазосини тиклаш ҳақидаги қонун лойиҳаси референдумга қўйилиши мумкин эмас. Конституциявий суд қарори кучга кириши билан ушбу лойиҳани тарғиб этиш билан боғлиқ барча ҳаракатлар тўхтатилади.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил октябр ойи бошида Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат қонунчилигига ўзгартиришлар киритишни ва болалар ҳамда аёлларга нисбатан зўравонлик жиноятлари учун ўлим жазосини қайтаришни таклиф қилган эди.

Ушбу таклифнинг берилишига иссиқкўллик 17 яшар Ойсулув исмли қизнинг шафқатсизларча ўлдирилгани сабаб бўлди. Қизни 41 ёшли эркак ўғирлаб кетгани, зўрлагани ва кейин ўлдиргани хабар қилинган.

Қирғизистонда 2007 йилда ўлим жазоси бекор қилинган. Сўнгги вақтларда вояга етмаганларни ўлдириш ва зўрлаш билан боғлиқ жиноятлар кузатилиши манзарасида мазкур жазони қайтариш таклифи муҳокама этилаётганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг