Россия Киевга уруш бошланганидан буёнги энг йирик ҳужумлардан бирини амалга оширди
Россия қўшинлари 2 июлга ўтар кечаси Украина пойтахти Киевга дронлар, баллистик ва қанотли ракеталар билан кенг кўламли ҳужум уюштирди. Украина расмийлари маълумотига кўра, ҳужум оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлган, 90 нафардан ортиқ одам жароҳатланган.
Киев мэри Виталий Кличко буни уруш бошланганидан бери пойтахтга қилинган энг йирик ҳужумлардан бири деб атади. Унинг сўзларига кўра, шаҳарнинг барча туманларида вайронгарчиликлар қайд этилган.
Ҳужумлар натижасида кўп қаватли турар жойлар, тез ёрдам бўлимлари, меҳмонхона ва бозорга зарар етган. Айрим биноларда ёнғинлар юзага келган, қутқарувчилар вайроналар остида қолганларни қидириш ишларини давом эттирмоқда. Шу муносабат билан 3 июл Киевда мотам куни деб эълон қилинди.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг маълум қилишича, Россия ҳужум давомида мамлакат ҳудудига 74 та ракета ва турли русумдаги 496 та дрон учирган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 48 та ракета ва 476 та учувчисиз аппаратни йўқ қилган.
Шу билан бирга, 25 та баллистик ракета ва 12 та ҳужумкор дрон 33 та нуқтага келиб тушган. Яна 18 та ҳудудда уриб туширилган дронлар парчалари қулаган. Айрим ракеталар бўйича маълумотларга аниқлик киритилаётгани айтилди.
Россия Мудофаа вазирлиги эса ҳужум «юқори аниқликдаги узоқ масофали қуроллар» билан амалга оширилганини маълум қилди. Идора баёнотига кўра, зарбалар Украина ҳарбий саноати корхоналари, ёқилғи-энергетика инфратузилмаси ва ҳарбий аэродромлар объектларига қаратилган.
Украина президенти Владимир Зеленский ҳужумдан бир неча соат олдин разведка маълумотларига таяниб, Россия томонидан мамлакат ҳудудига оммавий ракета ва дрон зарбалари берилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Шу сабабли Киевда кўплаб аҳоли тунни метро бекатларидаги паноҳгоҳларда ўтказган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter