Тўқаев мамлакат учун энг қадрли бойлик ҳақида гапирди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 16 декабр — Мустақиллик куни муносабати билан мамлакат халқига йўллаган табригида мустақилликни барча нарсадан қадрли бойлик деб атади.
«Ушбу байрам мамлакатимиз учун ўзига хос аҳамиятга эга. Шу куни халқимиз Қозоғистонни суверен давлат сифатида ривожлантириш учун эркин ва якуний танлов қилди. Мустақиллик — барчасидан қадрлироқ! Биз аждодларимиз руҳига бош эгамиз ва ёш авлод олдидаги тарихий масъулиятни ҳис қилиб, ушбу тамойилга содиқ қоламиз», — дейилади табрикда.
Қайд этилишича, фуқароларнинг бирлиги, ўзаро қўллаб-қувватлаши ва ижодий меҳнати, шунингдек, жамиятдаги барқарорлик ва тотувлик туфайли Қозоғистон ўз мустақиллигини мустаҳкамлашда сезиларли ютуқларга эришди.
Қутловда дунё шиддат билан ўзгариб бораётганига ҳам эътибор қаратилган.
«Энди бутун дунё тез ўзгармоқда. Турли қийинчиликлар билан бир қаторда янги имкониятларга тўла янги тарихий давр бошланди. Бундай вазиятда биз, ёш ва келажакка интилувчи миллат сифатида, истиқболга катта умид ва мустаҳкам ишонч билан қарашимиз ва муборак бирлигимизни сақлашимиз керак. Биз мамлакатимизнинг глобал миқёсдаги обрўси ва рақобатбардошлигини ошириш ва Қозоғистонни гуллаб-яшнаётган давлат сифатида ривожлантириш учун астойдил ҳаракат қилишимиз керак», — деди Тўқаев.
Табрикда адолатли, кучли, тоза ва хавфсиз Қозоғистонни қуришдек стратегик вазифа рўёби муҳим экани уқтирилган.
Қозоғистон Мустақиллиги куни (Тәуелсіздік күні) давлат байрами саналади. 1991 йил 16 декабрда «Қозоғистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида»ги конституциявий қонун қабул қилинган ва мамлакат суверен тараққиёт йўлини танлаган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter