Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Трамп 13-15 май кунлари Хитойга ташриф буюради

Трамп 13-15 май кунлари Хитойга ташриф буюради

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой раиси Си Цзинпиннинг таклифига биноан 13-15 май кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга ташриф буюради. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Бу Трампнинг 2017 йилдан бери Хитойга амалга ошираётган илк ташрифи бўлади. Аввалига АҚШ президенти Хитойга март ойида бориши белгиланган эди, бироқ Эрон билан уруш туфайли ташриф кейинга қолдирилди.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Оқ уйда журналистларга маълум қилишича, учрашувда Тайван масаласи кўриб чиқилади. Музокаралар 14-15 май куни бўлиб ўтади.

«Reuters»нинг америкалик сиёсатчиларга асосланиб ёзишича, давлат раҳбарлари Эрон, Тайван, сунъий интеллект ва ядровий қуроллар масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Расмийларга кўра, Хитой «Boeing» самолётлари, Америка қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва энергетика соҳасига оид харидларни эълон қилиши кутилмоқда. Икки давлат, шунингдек, савдо урушидаги вақтинчалик сулҳ муддатини узайтириш масаласини ҳам муҳокама қилади. Бироқ ушбу келишув айнан шу ҳафта узайтириладими-йўқми, ҳозирча аниқ эмас.

Доналд Трамп ва Си Цзинпин сўнгги марта бундан олти ой аввал Жанубий Кореяда учрашишган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг