Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон уруғлари Арктикадаги машҳур омборга жойлаштирилди

Ўзбекистон уруғлари Арктикадаги машҳур омборга жойлаштирилди

Ўзбекистоннинг қадимий ва маҳаллий экинларига оид уруғ намуналари Норвегияда жойлашган дунёдаги энг йирик ва хавфсиз уруғ сақлаш маскани — Svalbard Бутунжаҳон Уруғ Сақлаш Генбанки (Svalbard Global Seed Vault)га топширилди.

Мазкур жараён Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги экинларининг генетик хилма-хиллигини сақлаш, миллий генофондни мустаҳкамлаш ва халқаро миқёсда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларда муҳим босқич бўлди. Svalbard’даги омборга топширилган уруғлар ўзбек деҳқончилик маданиятининг бебаҳо мероси — қадимий навлар ва маҳаллий экотипларнинг генетик намуналарини ифодалайди. Коллекция таркибида қовун, тарвуз, помидор, қалампир, бақлажон, сабзи, пиёз ва буғдойнинг 20дан ортиқ маҳаллий навлари мавжуд. Айниқса, буғдойнинг маҳаллий «Қайроқтош» нави алоҳида аҳамиятга эга.

Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти вакилларининг таъкидлашича, бу ташаббус Ўзбекистоннинг ўсимликлар хилма-хиллигини асраш, глобал озиқ-овқат хавфсизлигига ҳисса қўшиш ва генетик ресурсларни келажак авлодлар учун сақлаб қолиш йўлидаги қатъий позициясини намоён этади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу муҳим ташаббус Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамда Nordic Genetic Resource Center (NordGen) ўртасидаги самарали халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилган.

Маълумот учун: Svalbard Бутунжаҳон уруғ омбори Арктика музликлари бағрида жойлашган бўлиб, -18°C ҳароратда доимий ишлайдиган глобал генбанк ҳисобланади.

Ҳозирда бу ерда 1,1 миллиондан ортиқ уруғ намуналари сақланмоқда. Ушбу маскан дунё бўйлаб ген банкларида мавжуд уруғларнинг захира нусхаларини узоқ муддатли сақлашни таъминлайди.

Бундай тизим табиий офатлар, урушлар, молиявий инқирозлар ёки техник носозликлар туфайли ўсимлик турларининг йўқолиб кетиш хавфини камайтиради ва бутун дунё учун барқарор озиқ-овқат таъминотини кафолатлайди.

Svalbard Бутунжаҳон уруғ омбори Норвегия ҳукумати, Crop Trust ташкилоти ва Nordic Genetic Resource Center (NordGen) ўртасидаги уч томонлама келишув асосида бошқарилади.

Манба: t.me

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг