Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жапаров Шавкат Мирзиёевни табриклади

Жапаров Шавкат Мирзиёевни табриклади

Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров Президент Шавкат Мирзиёевни ЮНЕСКОнинг 43-сессияси Самарқандда муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

«Қирғиз халқи ва шахсан ўз номимдан Сизни ҳамда Ўзбекистоннинг бир туғишган халқи – барчангизни ЮНЕСКОнинг 43-сессияси бошлангани билан чин дилдан табриклайман.

Бу – нафақат Марказий Осиё учун, балки бутун дунё учун муҳим ва тарихий аҳамиятга эга воқеадир. ЮНЕСКОнинг Париждаги штаб-квартирасидан ташқарида ўтказилаётган бу конференция 40 йилдан ортиқ вақт ичида илк бор амалга оширилмоқда. Бу эса Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузи ва обрўсининг жуда юқори эканини, шу билан бирга Марказий Осиё минтақасининг дунё миқёсидаги маданий, маънавий ва гуманитар ҳамкорлик маркази сифатида тобора ортиб бораётган аҳамиятини яққол намоён этади», – деб ёзади Жапаров.

Қўшни давлат етакчиси, шунингдек, бундай нуфузли анжуманнинг илм-фан, маърифат ва маънавият бешиги саналган қадимий Самарқанд шаҳрида ўтказилиши конференцияга алоҳида рамзий маъно бағишлаганини, бу эса Ўзбекистоннинг турли цивилизациялар ўртасидаги кўприк ва тинчлик, ўзаро тушуниш ҳамда яратиш ғояларининг маркази сифатидаги ўрнини яна бир бор тасдиқлашини таъкидлайди.

«Ишончим комилки, конференция доирасида илгари суриладиган қарор ва ташаббуслар таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик учун янги истиқболларни очади, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга ва минтақамизнинг равнақ топишига хизмат қилади.

Бир туғишган ўзбек халқига ушбу йирик ва муҳим тадбирни муваффақиятли ўтказишда, самарали муҳокамалар, конструктив қарорлар ва илҳомлантирувчи натижалар тилайман», – дейди ўз табригида Жапаров. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг