Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентнинг тўртта туманида электр узилиб қолди

Тошкентнинг тўртта туманида электр узилиб қолди

Иллюстратив фото

Тошкент шаҳридаги йирик подстанциялардан бирида юзага келган техник носозлик сабабли пойтахтнинг бир нечта туманларида электр энергияси таъминотида вақтинчалик узилишлар кузатилди.

Айни пайтда махсус бригадалар авария оқибатларини бартараф этиш устида иш олиб бормоқда. Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари корхонасининг маълум қилишича, бугун соат 20:45 да «Юксак» подстанциясидан чиқувчи Л-Ў-Ю 110 кВ кучланишли 1 ва 2-электр узатиш тармоқларида техник носозлик юзага келган.

Ушбу фавқулодда ҳолат оқибатида «Юртим» ва «Бунёдкор» подстанциялари орқали энергия билан таъминланувчи айрим ҳудудларда, хусусан, Миробод, Яккасарой, Чилонзор ва Учтепа туманларининг баъзи истеъмолчиларида электр таъминоти вақтинча чекланди. 

Электр токининг кутилмаганда ўчиши оқибатида Яккасарой туманидаги истироҳат боғларидан бирида жойлашган аттракционлар ҳаракатдан тўхтаган. Масъул хизматларнинг тезкор ҳаракати билан аттракционларда бўлган фуқаролар хавфсиз тарзда пастга туширилган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ ва вазият тўлиқ назоратга олинган.

Тиклаш ишлари қандай бормоқда?

Фото: «Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари» филиали

Мутахассислар томонидан амалга оширилган тезкор қайта улаш ишлари натижасида 220/110/10 кВ кучланишли «Озодлик» подстанцияси орқали Чилонзор ва Учтепа туманларидаги истеъмолчиларнинг электр таъминоти босқичма-босқич қайта тикланди. Айни вақтда махсус тузилган ишчи гуруҳ ва таъмирлаш бригадалари воқеа жойида фаолият олиб бормоқда. Қолган ҳудудларда ҳам электр таъминотини тўлиқ тиклаш ва истеъмолчиларни имкон қадар захира манбаларига улаш чоралари кўрилмоқда.

Фото: «Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари» филиали

«Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари» филиали юзага келган ноқулайликлар учун пойтахт аҳолиси ва истеъмолчилардан узр сўради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг