Энди банк картаси маълумотларини улашганлик учун жиноий иш қўзғатилиши мумкин
Бугунги рақамли даврда кўпчилик оддий деб қараётган бир одат — яъни карта ёки аккаунт маълумотларини бошқаларга бериш — энди жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин. Қонунчилик палатасида киберхавфсизликни кучайтириш ва рақамли муҳитдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга қаратилган янги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди ва концептуал жиҳатдан маъқулланди.
Лойиҳага кўра, банк карталари, электрон ва крипто-ҳамёнлар ҳамда уларни бошқариш имконини берувчи маълумотларни бошқа шахсларга қонунга хилоф равишда бериш учун эндиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шу билан бирга, SIM-карталар, шахсий аккаунтлар ва идентификация воситаларини бошқа шахсларга бериш ёки улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари учун ҳам жазо чоралари кучайтирилмоқда.
Лойиҳада яна бир муҳим жиҳат — банк ва тўлов ташкилотларининг жавобгарлиги оширилаяпти. Агар ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилмагани сабабли мижозга зарар етса, ушбу зарарни банк ёки тўлов ташкилоти ўзи қоплаб бериши механизми жорий этилмоқда.
Шунингдек, муҳим ахборот инфратузилмаси объектларида киберхавфсизлик талабларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда, ахборот технологиялари орқали содир этилган жиноятлар учун жазо чоралари кучайтириляпти, ҳамда тергов органларига банк маълумотларини тақдим этиш муддатлари аниқ белгилаб қўйилиши ва бу талабни бузганлик учун жавобгарлик қатъийлаштирилиши таклиф этилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter