Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Зарарли «APK» дастурларни сотиш билан шуғулланган шахс фаолиятига чек қўйилди

Зарарли «APK» дастурларни сотиш билан шуғулланган шахс фаолиятига чек қўйилди

Давлат хавфсизлик хизмати ва Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ҳамда «Киберхавфсизлик маркази» ДМ мутахассислари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Телеграм мессенжерида зарарли «APK» дастурларни сотиш билан шуғулланган шахс фаолиятига чек қўйилди.

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшовчи, 2005 йилда туғилган фуқаро ўзи яратган зарарли «APK» дастурларини 100-300 минг сўм эвазига Телеграм орқали 10 га яқин аккаунт фойдаланувчиларига сотган.

Шунингдек, зарарли дастурларни сотиб олган мижозларни техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, уларга фойдаланиш жараёнида юзага келган муаммолар бўйича маслаҳатлар берган.

Таъкидлаш лозимки, ушбу «APK» дастурлари ёрдамида ўзгаларнинг Телеграм мессенжеридаги аккаунтларига рухсатсиз уланиш, телефонларидаги СМС хабарларни ўқиш ҳамда тўлов тизимларидаги пул маблағларини ўзлаштириб олиш мумкин.

Аниқланишича, мазкур шахс Телеграм мессенжеридаги 5 дан ортиқ гуруҳ ва каналларнинг администратори ҳисобланиб, уларда доимий равишда зарарли «APK» дастурларнинг имкониятлари тўғрисида постлар жойлаштирган.

Тезкор тадбир давомида ундан 1 дона «Asus ExpertBook» русумли ноутбук, 1 дона «Redmi Note 10 Pro» русумли телефон аппарати, 1 дона қаттиқ диск ва 2 дона банк пластик картаси ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг