Тошкентда 1 килограммдан ортиқ гашишни сотишга уриниш фош этилди
Тошкент шаҳрида қўшни давлатдан олиб келинган 1 килограмм 185 грамм гашишни 26 минг АҚШ долларига сотишга уриниш аниқланди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, Божхона ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида яшовчи шахс Яккасарой туманидаги меҳмонхоналардан бирида шартли харидордан 21 минг доллар олган вақтда ушланган.
Маълум қилинишича, ушланган шахс муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят учун судланган. Шунингдек, гашишни Сурхондарёдан Тошкентга олиб келган «Cobalt» ҳайдовчиси ҳам меҳмонхона яқинида қўлга олинган. У ҳам аввал ўғрилик билан боғлиқ жиноят учун судлангани айтилмоқда.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter