Ўзбекистонлик 15 нафар аёл “Women in Tech CCA Awards” финалида
Ўзбекистонлик аёллар халқаро технологик майдонда яна бир бор ўз сўзини айтмоқда. 15 нафар ўзбекистонлик аёл “Women in Tech CCA Awards – 2026” минтақавий мукофотининг финалига йўл олди. Улар сунъий интеллект, Web3, стартап, муҳандислик, илмий тадқиқот ва таълим каби замонавий технологияларнинг энг муҳим йўналишларида фаолият юритмоқда.
Эътиборлиси, бу Ўзбекистон учун мазкур мукофот тарихидаги рекорд натижа. 2024 йилда финалга мамлакатимиздан 9 нафар, 2025 йилда эса 3 нафар вакил чиққан бўлса, жорий йилда уларнинг сони 15 нафарга етди. Бу эса рақамли соҳада ўз ўрнини топаётган, янги ғоя ва лойиҳалар яратаётган ўзбекистонлик хотин-қизлар сафи тобора кенгайиб бораётганини кўрсатади.
13 октябр куни Тошкентда ўтказиладиган минтақавий тақдирлаш маросимида Ўзбекистон вакиллари тўққизта номинацияда иштирок этади.
- "Best Ally Award” номинациясида UZINFOCOM маълумотларни белгилаш бўлими раҳбари Анoра Амирова, School 21 бош директори Зарина Лухманова ва Agile Community вакили Наталья Ни финалчилар сафидан жой олган.
- “Youth in Tech” йўналишидаги “Aspiring Teen Award” номинациясида Women in Tech Uzbekistan ёшлар элчиси Камилла Бекназарова ҳамда MehrGo ҳаммуассиси Дилафрузхон Журабоева иштирок этади.
- “Most Impactful Initiative Award” номинациясида Startup Garage Women ташаббуси вакили Зарнигор Мирсаидова финалга чиққан.
- “Woman in Web3 Award” номинациясида Web3 дастурчиси Солиҳа Хуснидинова, “Most Disruptive Award” номинациясида эса AI LAB асосчиларидан бири ва бош директори Анастасия Маркова Ўзбекистон номидан иштирок этади.
- “Start-Up Award” номинациясида Femmy (BLOOMY LLC) бош директори Мафтуна Каримова ва Yor Yor асосчиларидан бири ва бош директори Моҳинур Иномова финалчилар рўйхатидан ўрин олган.
- “TECH DIPLOMACY Award” номинациясида Yandex Uzbekistan’нинг Government Relations лойиҳалари раҳбари Раҳимахон Нугманова мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.
- “Global Leadership Award” номинациясида Нагoя университети тадқиқот ассистенти Нодира Тиллаева ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири маслаҳатчиси Умматой Юлдашева иштирок этади.
- “Lifetime Achievement Award” номинациясида эса Ўзбекистон Робототехника ва муҳандислик ассоциацияси ижрочи директори ўринбосари Сафина Тешабоева ҳамда Нукус давлат техника университети ассистенти Айгул Тумаева финалга чиққан.
Бу натижа Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ахборот технологиялари ва инновациялар соҳасидаги иштироки тобора кенгайиб бораётганини кўрсатади. Айниқса, финалчилар орасида ёш мутахассислар, тадбиркорлар, муҳандислар, олимлар ва технологик лойиҳалар раҳбарларининг борлиги соҳада янги авлод вакиллари ҳам фаоллашиб бораётганидан далолат беради. Минтақавий босқичда ғолиб бўлганлар 3 декабр куни Парижда ўтказиладиган “Women in Tech Global Awards” тадбирида Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси номидан иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
15 нафар ўзбекистонлик аёлнинг бир вақтнинг ўзида халқаро технологик мукофот финалига чиқиши нафақат шахсий ютуқ, балки мамлакатимизда рақамли иқтисодиёт ва инновацион экотизим ривожида хотин-қизларнинг ўрни мустаҳкамланиб бораётганининг муҳим кўрсаткичидир.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter