Яна бир блогерга нисбатан «иш» қўзғатилди. Самарқанд ИИБ уни қамоққа олган
Самарқанд вилояти ИИБ «Сирожиддин медиа» МЧЖ раҳбари, YouTube видеохостингида фаол блогер Сирожиддин Адиловнинг қамоққа олинганини маълум қилди.
ИИБ хабарига кўра, Пастдарғом туманида яшовчи 1961 йилда туғилган фуқаро Р.Х. 2024 йилнинг август ойларида Тошкент шаҳрида яшовчи 1980 йилда туғилган С.А. (С.Адилов, -таҳр.)га, бошқа шахс билан ўрталаридаги молиявий масаласини ҳал қилиб беришини сўраб мурожаат қилган. С.А. эса ваколатли шахс бўлмаса-да, жабрланувчидан ишини унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига маълум миқдорда пулларни олган ва ҳозирги кунга қадар ваъдасини бажармасдан, алдаб келган.
Пасдарғомлик фуқаро мазкур ҳолат юзасидан қонуний чора кўришликни сўраб, туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан фуқаро С.Адиловга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан «Demokrat.uz» интернет нашри раҳбари Фазлидинхон Меҳмонов ҳамда блогерлик фаолиятини юритувчи Азиз Ғоипназаровга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter