Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Кремлдаги баҳс. Пашинян ва Путин ЕОИИ, ЕИ, Қорабоғ ва КХШТ ҳақида мулоқот қилди

Кремлдаги баҳс. Пашинян ва Путин ЕОИИ, ЕИ, Қорабоғ ва КХШТ ҳақида мулоқот қилди

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Россия президенти Владимир Путин таклифига кўра Москвада бўлди. Ҳар икки раҳбарнинг Кремлдаги мулоқоти одатий дипломатик тадбирдан ўзгачароқ ривожланди.

Учрашув аввалига одатий руҳда бошланди ва Путин мезбон сифатида Пашинянни Москвада кўриб турганидан хурсанд эканини билдирди. Аммо Россия президенти ўз нутқининг аввалидаёқ Арманистоннинг ички сиёсатига доҳил баёнотга ўтди ва яқинда ўтиши кутилаётган парламент сайловлари ҳақида гапира бошлади. Пашинян Путиннинг бу муносабатидан ҳайрон қолганини яшириб ўтирмади ва арман давлат мулозимлари ўтирган томонга қараб, маъноли кулимсираб қўйди.

– Ҳар қандай сайловлар вақтида ҳамма ерда бўлгани сингари Арманистонда ҳам вазият таранглашишига ишонаман, мана шу вазият бизга, яъни бизнинг ўртамиздаги муносабатларга таъсир ўтказмаслигини истаган бўлардим, – деди Путин.

Шундан сўнг Путин ўзи билан олиб келган қайдларни ўқиб беришга ўтди ва Арманистон билан иқтисодий муносабатларга алоҳида тўхталди. Россия президенти Арманистон билан савдо айланмаси бўйича статистик маълумотларни ўқиб бераркан, номини айтмаган ҳолда қайсидир қўшни давлат билан олди-берди кўрсаткичлари пастроқ эканига урғу берди.

Путин кескин баёнот беришда давом этаркан, Россия ва Арманистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ҳақида гапирди ҳамда ЕОИИ ва ЕИ ўртасида танлов қилиш шартлигини таъкидлади. Россия президенти Арманистондан ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ва Европа Иттифоқи ўртасида танлов қилиш кераклигини билдирди.

– Биз Арманистон ўзи учун ҳамкорларни танлашига қарши эмасмиз, аммо бу танлов ҳақида олдиндан билдириб қўйишлари шарт, деб ҳисоблаймиз. Шунингдек ЕОИИ ва ЕИ билан бирдек ҳамкорлик қилиш мутлақо мумкин эмас, бу аниқ, – деди Путин.

Путин ўз нутқи давомида Россия газни Европага 1000 куб метрини 600 доллардан сотгани ҳолда Арманистонга 177 доллардан бераётганига урғу қаратди.

Россия президенти баёнот беришда давом этаркан, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар, Қорабоғ билан боғлиқ ҳолат ва хавфсизлик масалаларига тўхталди. "Арманистон Қорабоғни Озарбайжон таркибида эканини тан олди, шундай экан, бу масалани муҳокама қилиш тўғри эмас, деб ҳисоблаймиз", - деди Путин.

Владимир Путин ўз нутқи якунида Арманистон парламентига сайловлар масаласига қайтди ва эркинлик, демократик тамойилларга амал қилинишини исташини таъкидлади. Россияда 2 миллион атрофида арман миллатига мансуб инсонлар борлигини айтиб ўтган Путин Арманистондаги озодликни чеклаш муассасаларида Россия паспортига эга фуқаролар сақланаётгани ва улар сайловолди жараёнларида иштирок этмаётганини таъкидлади.

– (Арманистонда – таҳрир изоҳи) Россияга мойил бўлган кўплаб сиёсий кучлар бор. Албатта, сизга очиқ айтаман – бизнинг мулоқотимиз шундай очиқ бўлмоқда, биз доим сиз билан рост ва тўғридан-тўғри гаплашамиз, – биз жуда хоҳлар эдикки, шу барча сиёсий партиялар ва сиёсатчилар сайловлар давомидаги ички сиёсий жараёнларда иштирок эта олсин. Айримлари, менинг билишимча, Россия паспортига эга бўлишига қарамасдан, ҳозир озодликдан маҳрум этиш жойларида. Албатта бу сизнинг қарорингиз, биз аралашмаймиз, – деди Путин.

Пашиняннинг жавоби

Никол Пашинян Путиндан фарқли ўлароқ ўз баёноти давомида қайдлардан деярли фойдаланмади. Арманистон бош вазири гарчи Россия президентининг айрим гапларини ён дафтарчасига ёзиб олган бўлса-да, тўғридан тўғри жавоб беришни маъқул кўрди.

Пашинян нутқи аввалида меҳмондўстлик учун Путинга миннатдорчилик билдирди ва Арманистон-Россия муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини таъкидлаб ўтди. Пашинян Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик ўрнатилгани туфайли Россия билан муносабатлар жадаллашганини айтаркан, Озарбайжон орқали ўтган темир йўлдан фойдаланилаётгани ва Россия маҳсулотлари импорт қилинаётганини айтди. "Яқин вақтлар ичида бу темир йўл орқали Россияга ўз маҳсулотларимизни экспорт қила олишимизга ҳам умид қиламиз", - деди Пашинян.

Пашинян ЕвроОсиё иттифоқи ва Европа иттифоқи ўртасидаги танловга тўхталиб, хозирча ҳар иккиси билан ҳамкорлик қилиш имконияти бор экан, ҳамкорлик давом этишини таъкидлади. "Танлов қилиш вақти келганда эса Арманистон фуқаролари бу ишни амалга оширадилар", - деди Пашинян.
Пашинян Қорабоғ масаласида гапирганда Озарбайжон билан тинчлик ўрнатилганига яна бир марта урғу берди.

– Арманистон ва Озарбайжон ҳар икки давлатнинг суверенитетини тан олиб бўлди. Арманистоннинг ҳудуди совет даври Арманистони билан бир хил ва Озарбайжоннинг ҳудуди ҳам совет даври Озарбайжони билан бир хил, - деди Пашинян.

Шу билан бирга Пашинян Россия икки марта Қорабоғ Озарбайжон ҳудуди эканини айтиб ўтгандан сўнг Арманистон Қорабоғни Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олганини алоҳида таъкидлади.

Арманистон президенти КХШТ масаласига алоҳида тўхталди, бош вазир бу ташкилот 2022 йилда нима сабабдан ўз мажбуриятларини бажармаганини арман халқига тушунтира олмаслигини билдирди. Пашинян айни вақтда Арманистон КХШТ фаолиятида иштирок этмаётганини алоҳида таъкидлади.

Никол Пашинян Арманистондаги парламент сайлови ҳақида гапираркан, Арманистонда демократия устун эканини, барча ижтимоий тармоқлар фаол ишлаб турганини алоҳида таъкидлади. Бош вазир шунингдек Арманистон қонунчилигига кўра фақат ва фақат Арманистон паспортига эга бўлган фуқароларгина сайловларда ўз номзодини қўя олишини эслатиб ўтди.

– Россия паспортига эга кишилар депутатлик ва бош вазирлик лавозимига ўз номзодини қўя олмайди, – деди Арманистон президенти.

Никол Пашинян нутқи якунида бу қадар очиқ мулоқот учун Владимир Путинга миннатдорчилик билдирди.

– Мана шундай ишонч муҳити учун сизга раҳмат айтаман, агарда сиз бу қадар очиқ ва ишончли мулоқотни бошлаб бермаганингизда, мен бу ишни уддалай олмаган бўлардим, - деди Пашинян.

Арманистон президенти нутқи якунида Россия билан муносабатлар давомий бўлишига умид қилишини ва ишонишини айтиб ўтди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг