Эронни тош даврига улоқтирмоқчисиз, аслида ўз аскарларингизни гўрга етаклаяпсиз
Мажид Мусавий.
«Ҳолливуд хомхаёллари»га берилган АҚШ Эронни «тош даврига қайтараман» деб қўрқитяпти — Доналд Трампнинг мурожаатига Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) коинот-ҳаво кучлари қўмондони Мажид Мусавий шундай жавоб қайтарди.
«Сиз Эронни тош даврига улоқтирмоқчисиз, аслида ўз аскарларингизни гўрга етаклаяпсиз. Ҳолливуд уйдирмалари онгингизни шу қадар заҳарлаганки, 250 йиллик арзимас тарихингиз билан 6000 йиллик цивилизацияга таҳдид қиляпсиз», — деб ёзди у.
Эрон ва тош даврини минг йиллар ажратиб турибди, деб баёнот берди Эрон президенти маъмуриятининг жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот бўйича ўринбосари Меҳди Табатабаий.
«Агар гап тош даврига қайтиш ҳақида кетаётган бўлса, улар марра чизиғига анча-анча яқин», — дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, президент Доналд Трамп америкаликларга мурожаатида Эрон тош даврига улоқтириб ташланишини айтганди. АҚШ бу билан эронликларни электрсиз қолдиришни назарда тутган, таъкидланишича, агар Эрон келишувга рози бўлмаса, мамлакатдаги барча электр станцияларига бир вақтнинг ўзида жуда кучли зарба берилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter