Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ЯИМи 8,5 фоизга ўсди

2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ЯИМи 8,5 фоизга ўсди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга ошириш бўйича Давлат дастурининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботини кўриб чиқди.

Ҳисоботни Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров тақдим этди.

Маълум қилинишича, 2026 йил январ-июн ойларида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг реал ўсиш суръати 8,5 фоизни, ЯИМ ҳажми эса 1 072,7 трлн сўмни ташкил этган.

Саноатда 8 фоиз, хизматлар соҳасида 9,2 фоиз, қурилишда 13,7 фоиз ва қишлоқ хўжалигида 4,7 фоиз ўсиш қайд этилган.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети харажатлари 205,6 трлн сўмни ташкил этган. Шундан 105,8 трлн сўми ижтимоий соҳаларга йўналтирилган.

Биринчи ярим йилликда 28,1 млрд долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 134 фоизни ташкил этган.

Шундан 26 млрд доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳиссасига тўғри келган. Экспорт ҳажми эса илк бор 15,9 млрд долларга етган.

Ҳисобот даврида 506 минг нафар аҳоли доимий ишга жойлаштирилган, 2 млн 616 минг нафар аҳолининг даромади оширилган, 546 минг нафар норасмий банд фуқаронинг фаолияти легаллаштирилган.

Шунингдек, маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштиришга қаратилган 104 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, улар орқали 246 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланган.

Кўрилган чоралар натижасида ишсизлик даражаси йил бошидаги 4,8 фоиздан 4,5 фоизга, камбағаллик даражаси ҳам 4,5 фоизга тушган.

Жами 2 756 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айлантирилган. “Ижтимоий реестр”даги 227 мингта камбағал оилага даромадини оширишга қаратилган 300 мингта хизмат кўрсатилган.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чоралари натижасида қарийб 37,8 мингта янги кичик бизнес субъекти ташкил этилган.

Савдо-саноат палатасининг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан тадбиркорларга 70 мингга яқин бизнес хизмати кўрсатилган.

Муҳокамаларда депутатлар айрим вазифалар ижросини тезлаштириш, ҳудудлардаги иқтисодий имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, яратилаётган иш ўринларининг барқарорлиги ва даромадлилигини мунтазам баҳолаб бориш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини ҳар бир маҳалланинг эҳтиёж ва имкониятларидан келиб чиқиб ташкил этиш, кичик бизнес ва микролойиҳаларни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш таклиф этилди.

Депутатлар Давлат дастури ижросини фақат рақамлар билан эмас, балки амалга оширилган чораларнинг аҳоли турмушига реал таъсири нуқтаи назаридан ҳам баҳолаш муҳимлигини қайд этди.

Савол-жавоблардан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг