Марказий банк октябрда 6 та банкни жаримага тортди
Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси 2026 йил октябр ойида ўтказилган олтита йиғилишида 43 та масалани кўриб чиқиб, улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилди.
Қайд этилишича, йиғилишларда рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишидаги 23 та масала муҳокама қилинган. Жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартишларни рўйхатдан ўтказиш, банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини берувчи малака сертификатларини тақдим этиш, микромолия ташкилотларини ҳисобга олиш, аккредитация қилиш ва тўлов ташкилотига лицензия бериш масалалари кўриб чиқилган.
Шунингдек, кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушга эгалик қилиш учун рухсат бериш, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек, муҳим аҳамиятга эга ходимлар номзодларини кўриб чиқишга оид масалалар муҳокама қилинган.
Бундан ташқари, кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолатига доир 20 та масала кўриб чиқилган. Унда банк ва нобанк кредит ташкилотларининг Марказий банк кўрсатмалари ҳамда пруденциал меъёрлар талабларига риоя этиши, инспекция текширувлари натижалари ва молиявий хизматларни «тартибга солиш қумдони» доирасида синовдан ўтказиш масалалари муҳокама қилинган.
Пруденциал нормативлар ва қонунчилик талабларига риоя этмагани, шунингдек, инспекция текширувларида аниқланган қоидабузарликлар учун 6 та банк ва 2 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланилган.
Бундан ташқари, яна 1 та банк ва 1 та микромолия ташкилотига нисбатан чора ва санкциялар қўлланилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter