Автобусларда йўл ҳақини тўламаётган йўловчиларга қарши назорат тадбирлари кучайтирилди
Тошкентда автобусларда йўл ҳақини тўламай ҳаракатланаётган йўловчиларга нисбатан назорат тадбирлари кучайтирилди.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб брутто-шартнома асосида фаолият юритаётган барча шаҳар автобусларида йўл ҳақини тўлашнинг янги тартиби жорий этилди. Унга кўра, йўловчилар автобусга чиқиши билан йўл ҳақини тўлаши шарт.
Шу муносабат билан «Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси назоратчилари томонидан автобусларда тўлов маданиятини оширишга қаратилган кучайтирилган назорат рейдлари ўтказилмоқда.
Маълум қилинишича, 2026 йил август ойида йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатланган 10 843 нафар йўловчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси 5-қисми асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Бу бир кунда ўртача 350 та ҳолатни ташкил этган.
8 сентябрга қадар эса йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатланган 4696 нафар йўловчига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Бу бир кунда ўртача 587 та ҳолатга тўғри келади.
Шу тариқа, сентябр ойининг дастлабки 8 кунида бир кунлик ўртача расмийлаштирилган маъмурий баённомалар сони август ойидаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 237 тага, яъни қарийб 68 фоизга ошган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter