Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Балиқларни нобуд қилган корхонага 92 млн сўм жарима қўлланилди

Балиқларни нобуд қилган корхонага 92 млн сўм жарима қўлланилди

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Аччисой каналида балиқлар нобуд бўлиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан текширув ўтказилди. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик назорат инспекцияси маълум қилишича, ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар асосида ўрганилган.

Текширувлар давомида «Damachi balik» МЧЖга қарашли балиқчилик кўлида сув сатҳи пасайтирилгани аниқланди. Бу эса балиқларда кислород танқислигини келтириб чиқарган ва 200–300 граммли балиқларнинг нобуд бўлишига сабаб бўлган.

Қайд этилишича, нобуд бўлган балиқлар корхона ходими томонидан тозаланиб, Аччисой каналига ташланган. Бу эса вазиятни янада оғирлаштирган.

Оқова сувлардан олинган намуналар лаборатория таҳлилларидан ўтказилди. Натижаларга кўра, бир қатор кўрсаткичлар меъёрдан анча юқори экани аниқланган.

Жумладан, азот аммоний 1,7 баробар, азот нитрит 1,95 баробарга ошган. Шунингдек, қуруқ қолдиқ 1,28 баробар, умумий фосфор эса 1,8 баробар юқори экани қайд этилди. Натижада сув объектлари ифлосланиб, экологик мувозанат ва биохилма-хилликка салбий таъсир кўрсатган.

Ҳолат юзасидан корхонага 92 млн сўм миқдорида компенсация ҳисобланди. Масъул шахсларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Шунингдек, бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун мажбурий кўрсатмалар берилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг