Банклар ва жисмоний шахслар ўртасидаги чет эл валютаси олди-сотдиси 19,1 млрд доллар бўлди
2026 йил январ–июн ойларида банклар ва жисмоний шахслар ўртасидаги чет эл валютаси олди-сотди операциялари айланмаси 19,1 млрд долларни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоиз ёки 4,5 млрд долларга кўп.
Ҳисобот даврида банклар жисмоний шахслардан 12,3 млрд доллар миқдорида чет эл валютасини харид қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоиз кўп.
Банклар томонидан аҳолига сотилган чет эл валютаси ҳажми ҳам 26 фоизга ошиб, 6,8 млрд долларга етди. Натижада банкларнинг аҳолидан харид қилган валютаси сотган ҳажмидан 5,5 млрд долларга кўп бўлди.
Валюта олди-сотди операцияларининг асосий қисми айирбошлаш шохобчалари орқали амалга оширилган. Уларнинг улуши 59 фоиз, яъни 11,2 млрд долларни ташкил этган.
Масофавий хизмат кўрсатиш каналлари орқали 7,5 млрд долларлик операция амалга оширилиб, уларнинг умумий айланмадаги улуши 39 фоизга етган. Бу канал орқали операциялар ҳажми бир йилда 27 фоизга ошган.
Шунингдек, 24/7 режимида ишловчи валюта банкоматлари орқали 404 млн долларлик операция бажарилган. Ушбу кўрсаткич 2025 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 61 фоизга кўпайган.
Марказий банкка кўра, жисмоний шахслар сегментида шаклланган соф валюта таклифининг жами айирбошлаш айланмасидаги улуши 2025 йилдаги 26 фоиздан 2026 йилда 29 фоизга ошган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter