Денов ва Чироқчи тумани ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари ишдан олинади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.
Кун тартибига маҳаллаларда аҳоли даромадини ошириш, камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш бўйича қилинган ишлар ва 2026 йилдаги вазифалар киритилган.
Давлат раҳбари бу йўналишда барча зарур молиявий ва ташкилий масалалар ҳал қилиб берилганини таъкидлади.
Жумладан, пастда ишларни тўғри ташкил қилиш, маҳаллама-маҳалла юриб, янги ташаббусларни топиб, одамлар ҳаётини яхшилашга масъул бўлган вилоят, туман ҳокимлари ва улар ходимларининг моддий ва техник имкониятлари тубдан яхшиланди.
«Энди вазирлар, ҳокимлар, раҳбарлар ўзига савол берсин: шунча яратилган шароитдан, имкониятдан қай даражада фойдаланяпти? Нима натижа қиляпти? Ислоҳотларимиз натижаси ҳар бир оилага, ҳар бир хонадонга кириб боряптими? Одамлар буни қандай ҳис қиляпти?
Бундай саволлар кўп. Барча раҳбарлар тайёр турсин. Йил тугаяпти, бугун натижаларни таҳлил қилиб, айримларга нисбатан хулоса қиламан», – деди Президентимиз.
Таъкдланишича, жорий йил бошидан ишсизлик 4,9 фоизга тушди (ўтган йили 5,5 фоиз бўлган).
Айниқса, Бухоро, Когон, Навоий, Зарафшон, Ғозғон, Самарқанд, Ширин шаҳарларида ишсизлик 4 фоиздан пасайиб, илк бор «табиий ишсизлик» даражасига яқинлашди.
Эҳтиёжманд 302 минг оила камбағалликдан чиқди. Йил якунигача камбағаллик даражаси 6 фоизгача камайиши кутилмоқда (ўтган йили 8,9 фоиз бўлган).
Шароити оғир бўлган Ховос, Мирзаобод, Оқолтин, Дўстлик, Пахтакор, Фориш, Бўстон, Вобкент, Миришкор, Мингбулоқ, Узун ва Пискентда камбағал оилалар сони 4,5 баробаргача камайди.
Илгари қийин аҳволда бўлган 105 минг оила даромад кўришни бошлади, камбағал оилаларнинг ўртача даромади йил бошига нисбатан 2 баробарга ошди.
Жорий йилда илк бор 1 минг 435 та маҳалла «камбағалликдан холи» ҳудудга айланди.
Давлатимиз раҳбари Узун туманини намунавий ҳудудлардан бири сифатида қайд этди. 51 та маҳалласи бўлган туманга жорий йил камбағалликни қисқартириш ва бандлик дастурлари доирасида 160 миллиард сўм маблағ берилган.
Туманга 70 миллион доллар хорижий инвестиция олиб келинди, 47 та корхона ишга туширилди, 300 та сервис обектида 1 минг нафар одам ишли бўлди, 9 та маҳалла узумчиликка ихтисослаштирилиб, тадбиркор билан аҳоли ўртасида кооперация йўлга қўйилди, 2 мингдан зиёд микролойиҳада 4 минг 200 нафар одам даромадли бўлди.
Шуларнинг ҳисобига Узун туманида йил бошидан камбағаллик даражаси 10,5 фоиздан 3 фоизгача камайди.
Шу билан бирга, Узун туманига нисбатан 4,5 баробар кўп маблағ олган Денов тумани ҳокимлиги ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани кўрсатиб ўтилди. Камбағал оилалар реестрига кирганидан буён 1200 та оила даромадида ўзгариш бўлмаган.
Ёки Чироқчи туманига жорий йил маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш учун кредитга 309 миллиард сўм ресурс берилган. Лекин туман ҳокимлиги шунча ресурси билан ҳам одамларга имкониятига яраша тайёр лойиҳа бермаган.
Шу боис, Денов тумани ҳокими И.Аброров, унинг биринчи ўринбосари Ш.Тўрақулов, Чироқчи тумани ҳокими Ф.Юсупов, унинг биринчи ўринбосари З.Эргашев ишдан олиниши белгиланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter