Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Францияда ўқувчилар бош кўтарди: 440 киши қўлга олинди, мактаблар ёқиб юборилмоқда

Францияда ўқувчилар бош кўтарди: 440 киши қўлга олинди, мактаблар ёқиб юборилмоқда

Фото: CA Media

Францияда дарс юкламаларидан норози ўқувчиларнинг норозилик намойишлари тобора кўпроқ шаҳарларга тарқалиб, вандализм ва полиция билан тўқнашувларга айланиб бормоқда, деб хабар беради BBC.

1 октябр куни Парижда ҳужумчилар мактаб директори устига бензин сепиб, камида иккита мактабга ўт қўйишди.

Марсел полициясининг хабар беришича, пайшанба куни юзлаб ёшлар Сент-Экзюпери лицейида ёнғинни ўчириш учун келган ўт ўчириш машинасига ўт қўйишган. Прокуратура маълумотларига кўра, Марселнинг яна бир Виктор Гюго лицейида директорга ҳужум қилинган ва у жароҳатланган.

Франциянинг ғарбий Нант шаҳрида ҳам намойишчилар мактабга ўт қўйиб, мактаб йўлагини бутунлай вайрон қилишди.

Мамлакат шимолидаги Лиллда ўқувчилар ахлат контейнерларидан тўсиқлар қуриб, уларни ёқиб юборишди, Страсбургда эса мактаб яқинида ахлат контейнерлари ҳам ёқиб юборилди. Дижонда эса полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўз ёш оқизувчи газдан фойдаланди.

Ўтган ҳафта ўқитувчилар ва синфхоналар етишмаслиги, мактаб шароитларининг ёмонлиги ва ўқувчиларнинг оғир иш юкламасига қарши бутун мамлакат бўйлаб мактабларда норозилик намойишлари бошланди. Сўнгги кунларда университет талабалари норозилик намойишларига қўшилишди. Франция расмийларига кўра, ёшлар намойишлари вандализм ва полиция билан зўравон тўқнашувларга айланиб кетди. Ўз навбатида, талабалар полицияни зўравонликда айбламоқда.

Франция Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, ҳозирга қадар 440 киши ҳибсга олинган, уларнинг аксарияти вояга етмаганлар ва 48 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходими жароҳат олган.

Таълим вазирлигининг маълумотларига кўра, норозилик намойишлари ёки унга боғлиқ тартибсизликлар мамлакат бўйлаб 400 дан ортиқ мактабга таъсир кўрсатган.

Le Monde хабар беришича, Франция ҳукумати мамлакат бўйлаб давом этаётган кенг кўламли мактаб норозилик намойишлари бўйича йиғилиш ўтказди. Учрашувдан сўнг расмийлар норозилик намойишлар тартибсизликларга айланиб кетганини эълон қилишди. Баъзи мактаблар масофавий ўқитишга ўтади. Адлия вазирлигига ҳодисалар учун жавобгар шахсларни аниқлаш ва жавобгарликка тортиш топширилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг