Гулистон ва Ширин шаҳарлари ҳудуди кенгайтирилиши мумкин
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Сирдарё вилоятидаги қатор шаҳар ва туманлар чегараларини ўзгартиришга оид қарор лойиҳасини маъқуллади.
Таклиф этилаётган ўзгаришларга кўра, Гулистон туманидан 527,23 гектар, Боёвут туманидан 582 гектар ер майдонини Гулистон шаҳри таркибига ўтказиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Боёвут туманининг яна 638,77 гектар ер майдонини Ширин шаҳри таркибига киритиш назарда тутилмоқда.
Қайд этилишича, Гулистон ва Ширин шаҳарлари вилоятда аҳоли энг зич жойлашган ҳудудлар қаторига киради. Шаҳарлар ҳудудининг кенгайтирилиши аҳоли зичлигини камайтириш, транспорт қатновини яхшилаш ва йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қўшимча имкониятлар яратиши кутилмоқда.
Янги ҳудудларда саноат зоналари, технопарклар ва юқори технологияли корхоналар ташкил этиш, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва саноат соҳаларида ўн минглаб янги иш ўринлари яратиш имкони пайдо бўлади.
Маълум қилинишича, чегараларни ўзгартириш масаласи тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари ҳамда вилоят Кенгашида муҳокама қилинган. Ҳудудлар чегараларининг картографик чизмаси ва чегара чизиғи таснифи ҳам маъқулланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter