Инвестиция маслаҳатчилари учун янги тартиб жорий этилди
Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозорида инвестиция маслаҳатчиси фаолиятини бошлаш ёки тугатиш учун ваколатли органни хабардор қилиш тартиби расман белгиланди. Бу Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган янги низомда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, инвестиция маслаҳатчиси сифатида фаолият юритмоқчи бўлган юридик шахслар Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига махсус ахборот тизими орқали электрон хабарнома юборади. Хабарнома OneID тизими ёрдамида расмийлаштирилади.
Янги тартибда ташкилот ҳақидаги асосий маълумотлар, раҳбар ва мутахассисларнинг малака сертификатлари ҳамда белгиланган талабларга мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар электрон шаклда тақдим этилади. Шу билан бирга, қонунчиликда назарда тутилмаган қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
Низомга мувофиқ, тақдим этилган маълумотлар ахборот тизими орқали автоматик тарзда текширилади. Агар хабарнома белгиланган талабларга мос бўлса, у шу куннинг ўзида қабул қилиниб, бир иш куни ичида электрон тасдиқнома расмийлаштирилади.
Бироқ нотўғри маълумотлар тақдим этилганда, белгиланган талаблар бажарилмаганда ёки қонунчиликда назарда тутилган чекловлар мавжуд бўлганда хабарнома қабул қилинмайди.
Шунингдек, инвестиция маслаҳатчиси сифатида рўйхатдан ўтган ташкилот номи ёки юридик манзили ўзгарган тақдирда, бу ҳақда ваколатли органни 10 иш куни ичида хабардор қилиши шарт.
Шу жумладан, ташкилот камида 50 миллион сўм миқдорида ўз маблағларига эга бўлиши, қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари билан электрон ҳамкорлик қилиш имкониятини яратиши ҳамда ички ҳисоб ва назорат тизимини йўлга қўйиши лозим.
Раҳбар ва мутахассислар тегишли маълумот, иш тажрибаси ва малака талабларига жавоб бериши, иқтисодий ҳамда коррупцияга оид жиноятлар учун судланмаган бўлиши керак.
Низомда дастурий таъминотдан фойдаланувчи инвестиция маслаҳатчилари учун ҳам талаб белгиланган. Улар ўз дастурий маҳсулотига бўлган муаллифлик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлиши шарт.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter