Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ишлаётган оналарга боласи бир ёшга тўлгунга қадар нафақа тўланади

Ишлаётган оналарга боласи бир ёшга тўлгунга қадар нафақа тўланади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган янги ёндашувлар белгиланди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига йил якунига қадар эҳтиёжманд аҳолини «Ижтимоий реестр»га киритиш тизимини қайта кўриб чиқиш топширилди.

Янги тартибда аҳолининг даромади билан бирга сурункали касаллик, ногиронлик, кўп болалилик ва оила аъзосининг хорижда ишлаётгани каби омиллар ҳам ҳисобга олинади. Шу тариқа кўп ўлчовли баҳолаш тизимига ўтилади.

Қайд этилишича, республикада камбағаллик даражаси 3,9 фоизга тушган. Бироқ 3 ёшгача фарзанди бор оилаларда бу кўрсаткич ўртача 6,5 фоизни ташкил этмоқда.

«Бола парваришлаётган ота-оналарни уйида ёки маҳаллада ишли ва даромадли қиладиган тизимни йўлга қўямиз», — деди Президент.

Шунингдек, ишлаётган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунга қадар Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа тўланиши белгиланди.

Меҳнатга лаёқатсиз эҳтиёжманд оилаларга «пассив даромад» келтирадиган ижтимоий пакет учун жорий йил 300 миллиард сўм ажратилган. Бундай ёрдам олган 11 минг оиланинг ярмида даромад сезиларли ошгани қайд этилди.

Мутасаддиларга бир ҳафта ичида ушбу тизимни давом эттириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Келаси йилдан реестрга киритилган оила фарзандларининг давлат ва хусусий боғча бадали, ўқув маркази тўлови, йўлкираси ҳамда олийгоҳдаги ётоқхона харажатлари ваучер орқали қоплаб берилади.

Ваучер 12 ой муддатга берилади ва оила Ижтимоий реестрдан чиқарилганидан кейин ҳам амал қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг