Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сиз ит, қўй, сигир боқаётганингизга солиқ тўламаяпсизку!

Сиз ит, қўй, сигир боқаётганингизга солиқ тўламаяпсизку!

Солиқ деганда кўпчиликнинг хаёлига даромад, ер ёки уй-жой солиғи келади. Аммо дунёда шундай солиқлар борки, уларни эшитиб, ҳайрон қолиш мумкин.

Айрим давлатларда ит боқиш, пластик пакетдан фойдаланиш, шакарли ичимлик ишлаб чиқариш, уйни бўш қолдириш, ҳатто чорва молларининг ҳавога чиқарадиган газлари ҳам солиқ ҳисоб-китобига киритилган.

Қизиғи, бу солиқларнинг аксарияти фақат давлат хазинасини тўлдириш учун эмас. Улар одамларни маълум бир одатдан қайтариш ёки фойдали одатга ўргатиш учун ҳам қўлланади.

Масалан, Германиянинг айрим шаҳарларида ит эгалари махсус солиқ тўлайди. Берлинда биринчи ит учун йилига 120 евро, иккинчи ва кейинги итлар учун эса 180 евродан солиқ белгиланган. Яъни, уйда ит боқишни хоҳлаган киши нафақат уни овқатлантириш ва парвариш қилиш харажатларини, балки давлатга тўланадиган солиқни ҳам ҳисобга олиши керак. Бу солиқ Германияда анча йиллардан бери мавжуд бўлиб, итларни рўйхатга олиш ва шаҳарларда уларни боқишни тартибга солиш воситаларидан бири ҳисобланади.

Ирландияда дўкондан харид қилганда берилган айрим пластик пакетлар учун махсус экологик йиғим олинади. Ҳозир бу тўлов бир пакет учун 22 евроцентни ташкил этади. Бир қарашда бу жуда кичик сумма. Аммо миллионлаб пакетлар ҳисобга олинса, катта маблағ ҳосил бўлади. Асосий мақсад эса пул йиғиш эмас. Одамларни бир марталик пластик пакетдан камроқ фойдаланишга ўргатиш. Шунинг учун Ирландияда кўп марталик сумкалардан фойдаланиш кенг тарқалган.

Японияга борган одам мамлакатдан чиқиб кетаётганда ҳам махсус тўловга дуч келади. 2026 йил 1 июлдан Япониядан самолёт ёки кема орқали чиқиб кетувчилар учун халқаро туристик солиқ 3000 иена этиб белгиланган. Бу пул одатда авиачипта ёки сафар ҳужжатларининг умумий нархига қўшиб ундирилади. Қизиғи, бу фақат сайёҳларга тегишли эмас. Япониядан чиқиб кетаётган бошқа йўловчилар ҳам ушбу тўловни тўлаши мумкин.

Энг ғайриоддий мисоллардан бири Данияда. Мамлакат чорва моллари сабаб атмосферага чиқадиган зарарли газларни камайтириш мақсадида махсус солиқ жорий этишга қарор қилган. Сабаби сигир ва бошқа чорва моллари ҳазм жараёнида метан гази чиқаради. Метан эса иқлим ўзгаришига таъсир қилади. Албатта, сигирнинг ўзи солиқ тўламайди. Тўлов фермерларга юклатилади. Мақсад фермерларни атроф-муҳитга камроқ зарар етказадиган усуллардан фойдаланишга ундаш.

Буюк Британияда шакари кўп бўлган алкоголсиз ичимликлар учун махсус солиқ мавжуд. Солиқ ичимликдаги шакар миқдорига қараб ҳисобланади. Бу ерда ҳам мақсад оддий, ишлаб чиқарувчиларни ичимликлардаги шакар миқдорини камайтиришга ундаш. Шу сабабли айрим компаниялар солиқни камайтириш учун маҳсулот таркибидаги шакар миқдорини пасайтирган.

Шотландияда узоқ вақт бўш турган ёки иккинчи уй сифатида сақланаётган айрим уйлар учун қўшимча солиқ ундирилади. Чунки уй-жой етишмайдиган ҳудудларда кўплаб уйларни йиллаб бўш сақлаб қўйиш муаммо туғдиради. Шунинг учун давлат уй эгаларини уйни бўш қолдирмасликка, уни ижарага бериш ёки яшаш учун фойдаланишга рағбатлантирмоқда.

Буюк Британияда пластик қадоқлар учун ҳам махсус солиқ бор. У асосан пластик қадоқ ишлаб чиқарадиган ёки мамлакатга олиб кирадиган компанияларга тегишли. Агар қадоқда қайта ишланган пластик етарли даражада ишлатилмаган бўлса, компания солиқ тўлаши мумкин. Бу орқали давлат ишлаб чиқарувчиларни қайта ишланган материаллардан кўпроқ фойдаланишга ундамоқда.

Нега давлатлар бундай солиқларни жорий қилмоқда? Бу солиқларнинг кўриниши ҳар хил бўлса-да, уларнинг мақсади ўхшаш. Давлатлар солиқ орқали одамлар ва компанияларнинг одатларига таъсир ўтказмоқда.

Масалан, пластик пакетга тўлов — пластик чиқиндиларни камайтириш учун.

Шакарли ичимлик солиғи — шакар миқдорини камайтириш учун.

Бўш уйга қўшимча солиқ — уй-жойдан самарали фойдаланиш учун.

Чорва молларига боғлиқ солиқ — ҳавога чиқадиган зарарли газларни камайтириш учун.

Ит солиғи эса ҳайвонларни сақлашни тартибга солишга хизмат қилади.

Сиз ҳали ҳам фойдаланаётган газ-чироғингиз учун тўлаётган солиқлардан норози бўлсангиз, ўз хонадонингиз қолиб, қўшнингизнинг ҳовлисига ҳам жарангдор овозию ифорлари билан донг таратган ит, қўй ва сигирларингизга бир боқиб қўйинг!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг