Ўзбекистонликлар кредитни асосан уй-жой таъмири ва таълимга олмоқда
Марказий банкнинг 2026 йил II чорак учун истеъмол кайфияти шарҳига кўра, аҳолининг истеъмол кайфияти ижобий сақланган. Июл ойида ўтказилган сўровда қарийб 4 100 нафар респондент иштирок этган.
Даромадлар субиндекси 71,3 баллни ташкил этган. Сўров иштирокчиларининг 66 фоизи келгусида даромадлари ошишини, 25 фоизи ўзгармаслигини кутган. Даромади камайишини кутганлар улуши 9 фоиз бўлган. Харажатлар субиндекси 77,2 баллга етган. Респондентларнинг 76 фоизи келгусида харажатлари ошишини кутган. Асосий харажат йўналишлари уй-жой таъмири, таълим ва даволаниш бўлиб қолган.
Кредитга талаб юқори
Кредит субиндекси II чоракда 65,3 баллни ташкил этган. Бу I чоракка нисбатан 0,2 балл паст бўлса-да, аҳолининг кредитга бўлган эҳтиёжи юқори даражада қолган.
Айниқса, ойлик даромади 3–10 млн сўм бўлган аҳоли орасида келгусида кредитга эҳтиёж ошишини кутганлар улуши 57–59 фоизни ташкил этган.
Аҳоли кредит маблағларидан асосан уй-жой таъмири, таълим ва бошқа эҳтиёжлар учун фойдаланишни режалаштирмоқда. Тўй, автомобил ва даволаниш харажатлари ҳам кредитдан фойдаланишнинг муҳим йўналишлари бўлиб қолган.
Даромадларни жамғариш
Жамғариш субиндекси 69,2 балл бўлган. I чоракка нисбатан 1,4 балл пасайганига қарамай, кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридаги даражадан қарийб 1 балл юқори бўлган.
Сўров иштирокчиларининг 64,3 фоизи келгусида жамғармалари кўпайишини кутган. 23,3 фоизи жамғармалари ўзгармаслигини, 12,4 фоизи эса камайишини айтган.
2026 йил биринчи ярим йилида аҳоли депозитлари қолдиғи йиллик 38 фоизга ошган. Миллий валютадаги муддатли омонатлар қолдиғи ўсиши 25,6 фоизни ташкил этган. Шунингдек, респондентларнинг 66,6 фоизи келгуси даврда мамлакат иқтисодий аҳволи яхшиланишини кутган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter