Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қозоғистон Ўзбекистон орқали газ транзитини оширишни режалаштиряпти

Қозоғистон Ўзбекистон орқали газ транзитини оширишни режалаштиряпти

Қозоғистон Ўзбекистон ҳудуди орқали амалга ошириладиган газ транзити ҳажмини йиллик 8,4 миллиард куб метргача оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Маълум бўлишича, яқинда QazaqGaz ва «Ўзтрансгаз» компаниялари Ўзбекистон ҳудуди орқали газ ташиш бўйича шартнома имзолаган.

Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Аккенженов журналистлар билан учрашувда гап асосан Россия табиий гази транзити ҳақида кетаётганини таъкидлади.

«Бу Россия гази транзити ҳисобланади. Умуман олганда, биз транзит ҳажмини йилига 8,4 миллиард куб метргача ошириш имкониятини кўриб чиқяпмиз», – деди вазир.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда QazaqGaz ва «Газпром» Қозоғистон ҳудуди орқали Россия табиий газини Ўзбекистон ва Қирғизистонга етказиб бериш бўйича 2040 йилгача амал қиладиган шартномаларни имзолаган эди.

Шунингдек, QazaqGaz ва «Ўзтрансгаз» ўртасида имзоланган янги шартнома газни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали барқарор ташиш бўйича келишувларни мустаҳкамлайди. Ҳужжатни ўзбек томондан «Ўзтрансгаз» бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Аскар Исаков, қозоғистон томонидан эса QazaqGaz бошқаруви раиси Алибек Жамауов имзолади.

Таъкидланишича, ушбу келишув газ транспорт тизими соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиради, минтақавий газ инфратузилмасининг ишончлилигини оширади ҳамда куз-қиш мавсумини барқарор ўтказишга хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг