Санъаткорлар ойига тахминан 45 минг сўм солиқ тўлаяпти – Солиқ қўмитаси
Ўзбекистонда концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи 1 100 нафар хонанда 2025 йил учун солиқ декларациясини тақдим этди. Расмий маълумотларга кўра, жами 599,7 млн сўм даромад солиғи ҳисобланган.
Ҳисоб-китобга кўра, бу бир нафар санъаткорга йилига ўртача 545 минг сўм, ойига эса тахминан 45 минг сўм солиқ тўғри келаётганини кўрсатади.
Декларациялар таҳлилига кўра, санъаткорларнинг асосий қисми паст даромад сегментига тўғри келади. Жумладан, 375 нафар хонанда йилига 1 млн сўмгача, 576 нафари эса 10 млн сўмгача даромад кўрсатган. Фақат жуда кичик қисми – 19 нафар санъаткор 60 млн сўмдан юқори даромад қайд этган.
Рейтинг гуруҳлари кесимида ҳам шу ҳолат кузатилади: юқори даромадли I гуруҳда бор-йўғи 47 нафар бўлиб, асосий улуш – 953 нафардан иборат III гуруҳ ҳиссасига тўғри келади. Демак, бозорда кўпчилик санъаткорлар нисбатан кичик даромад билан фаолият юритмоқда.
Гуруҳлар кесимида:
- I гуруҳ (47 нафар): юқори даромад, 140,8 млн сўм солиқ
- II гуруҳ (100 нафар): 83,9 млн сўм солиқ
- III гуруҳ (953 нафар): асосий улуш — 375,2 млн сўм
Бироқ бу рақамлар икки хил талқин қилиниши мумкин. Бир томондан, ҳақиқатан ҳам санъат бозорида даромадлар паст бўлиши мумкин. Иккинчи томондан эса, айрим ҳолларда даромадларнинг тўлиқ декларация қилинмаслиги эҳтимоли ҳам мавжуд.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter