Шавкат Мирзиёев кимё саноатини ривожлантиришга доир лойиҳалар билан танишди
Ўзбекистонда саноатни модернизация қилиш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш иқтисодиётнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу борада ташкил этилган «Чирчиқ» кимё-индустриал технопарки соҳадаги янги авлод саноат майдонларидан бири сифатида шаклланди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 3 февралдаги қарори асосида барпо этилган технопарк кимё маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва инвесторлар учун қулай муҳит яратишга хизмат қилмоқда.
Умумий майдони 26,4 гектар бўлган ҳудудда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва инфратузилмани шакллантириш учун 25 миллион доллар йўналтирилган.
Технопаркнинг иқтисодий самараси рақамларда ҳам акс этмоқда. Хусусан, 2025 йилда 56 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилиб, 758 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, корхоналар томонидан 60 миллион долларлик 150 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилди.
2030 йилгача эса инвестициялар ҳажмини 207 миллион долларга, маҳсулот ишлаб чиқаришни 294 миллион долларга, экспортни 48 миллион долларга ҳамда иш ўринларини 2 минг 300 тага етказиш режалаштирилган.
Технопаркда Президент Шавкат Мирзиёевга кимё саноатини ривожлантиришга қаратилган илмий-амалий лойиҳалар ҳам тақдимот қилинди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда ҳозирда йилига 3,7 миллион тонна минерал ўғит ишлаб чиқарилмоқда. Бироқ импорт қилинаётган фосфорли ва сувда эрувчан ўғитларга талаб юқори бўлиб қолмоқда. Шу боис соҳада 2,8 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Нефть-кимё соҳасида ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Жумладан, Ангренда «Кўмирдан олефинлар олиш» ва Қўнғиротда «Нафтани қайта ишлаш» лойиҳалари орқали ички бозорда полимерларга бўлган талабни қондириш ва импорт ўрнини босиш мақсад қилинган.
Мутахассислар прогнозига кўра, 2032 йилга бориб мамлакатда полимерларга эҳтиёж 3,2 миллион тоннага етади.
Маиший кимё соҳасида эса импорт ҳажмини икки баробарга қисқартириш, ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан 64 фоизгача таъминлаш ва экспорт ҳажмини ошириш вазифаси белгиланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter