Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Ўзбек тили байрами билан табриклади (табрикнинг тўлиқ матни)

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 36 йил тўлгани ҳамда Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади.
Қуйида мазкур табрикнинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.
Қадрли ватандошлар!
Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидан мустаҳкам ўрин олган қутлуғ сана – Ўзбек тили байрами куни билан сиз, азизларни, бутун халқимизни, чет эллардаги барча юртдошларимизни чин дилдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу шукуҳли айёмда бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: бундан саккиз йил олдин мамлакатимизда бошлаган том маънодаги тарихий ислоҳотларимиз туфайли ўзбек тили ривожида ҳам янги давр бошланди. Бу борада қабул қилинган фармон, қарор ва дастурлар асосида унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва мақомини мустаҳкамлаш, замонавий илм-фан, ахборот технологиялари ва халқаро муносабатлар тилига айлантириш бўйича катта ишларни амалга оширдик.
Хусусан, юртимизда географик объектлар номларини давлат тили меъёрларига мувофиқлаштириш изчил давом эттирилмоқда. Бугунги кунга қадар 250 мингга яқин географик объект, жумладан,
200 мингдан ортиқ кўча номлари давлат тилига мувофиқлаштирилиб, реестрга киритилгани, фақат кейинги икки йилда тоғ ва чўққилар, дарё, кўл, сув омборлари, фойдали қазилма конлари, метро бекатлари, темирйўл вокзали ва станциялари, аэропорт ва автостанциялар сингари 2 минг 600 та объект давлат тили талаблари асосида қайта номланганини қайд этиш зарур.Ҳозирги шиддатли глобаллашув жараёнлари, илм-фан ютуқлари орқали ҳаётимизга кенг миқёсда кириб келаётган янги тушунча ва атамаларни тилимизга аниқ қоида ва тамойилларга биноан қабул қилиш, тил сиёсатини илмий асосда, марказлашган ҳолда юритиш мақсадида Атамалар комиссияси фаолияти кучайтирилди.
Хорижий сўз ва ибораларни кенг жамоатчилик, олим ва мутахассислар иштирокида ўзбекчалаштириш бўйича самарали механизм жорий этилиб, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш учун махсус дастурий таъминот ишлаб чиқилгани, электрон манбалар яратилгани эътиборга сазовордир.
Шу ўринда бир фикрни яна таъкидлашни ўринли, деб биламан: келажагимиз эгаси бўлган ёш авлодимиз замонавий билимлар, инновация ва тараққиёт чўққиларини эгаллаши учун албатта чет тилларини ўрганиши лозим. Лекин улар миллий руҳ, миллий тафаккур эгаси, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишлари учун, аввало, ўзбек тили ва адабиётини болаликдан бошлаб пухта билишлари шарт.
Шу мақсадда таълим тизимида ўзбек тилини ўқитишни такомиллаштиришга жиддий аҳамият қаратмоқдамиз. Жорий йилдан эътиборан тегишли миллий сертификатга эга бўлган ўзбек тили фани ўқитувчиларининг ойлик маошига 50 фоиз қўшимча устама берилаётгани, таълим бошқа тилда олиб бориладиган мактабларнинг 11-синф битирувчилари учун давлат тили фанидан якуний имтиҳон топшириш белгилангани шу йўлдаги муҳим қадамдир.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш талаби расман белгилангани ҳам тилимизнинг мавқеини оширишга хизмат қилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан ўтган даврда 72 номда қомус, луғат ва қўлланмалар кўпминг нусхаларда чоп этилиб, давлат идоралари ва таълим муассасаларига тақдим этилди.
Айниқса, олти жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”,
тўрт жилдли “Алишер Навоий энциклопедияси”, беш жилдли “Навоий тили луғати” ва бошқа нашрлар етакчи хорижий университетларнинг кутубхоналари, жаҳондаги ўзбек тили марказлари ва клубларига етказиб берилаётгани сафлари тобора кенгайиб бораётган ўзбек тили дўстларини мамнун этмоқда.Биз инклюзив жамият барпо этиш тамойилларини тил соҳасидаги давлат сиёсатимизда ҳам муваффақиятли жорий этиб, мамлакатимизда яшаётган турли миллат вакилларининг она тилларини ривожлантиришга муҳим аҳамият бермоқдамиз. Айни вақтда уларнинг давлат тилини ўрганишлари учун ҳам зарур шароитлар яратяпмиз. Бугунги кунда ўзбек тили давлат тили сифатида мамлакатимиздаги барча миллат ва элат вакилларини жипслаштиришга хизмат қилаётгани биргаликда олиб бораётган саъй-ҳаракатларимиз натижаси, десак, тўғри бўлади.
Азиз дўстлар!
Бугунги имкониятдан фойдаланиб, ўзбек тилининг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш борасида олдимизда турган муҳим вазифаларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Бу борада, аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу байрам арафасида қабул қилинган “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўрсатиб ўтилган асосий мақсад ва вазифаларни ўз вақтида, самарали амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ушбу қарор билан тасдиқланган “2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2025-2026 йилларда амалга ошириш дастури”ни ҳаётга жорий этишда нафақат масъул ва мутасадди ташкилотлар, балки барчамиз фаол иштирок этишимиз зарур.
Бу ҳақда сўз юритганда, рақамли оламда ўзбек тилида сифатли, илмий асосланган, қизиқарли ахборот ва маълумотларни кўпайтириш, хусусан, глобал электрон энциклопедия ва платформаларни давлат тилидаги илмий-оммабоп мақолалар билан бойитиш, онлайн луғатларни такомиллаштириш ҳам диққатимиз марказида бўлиши лозимлигини айтиб ўтмоқчиман. Ҳаётимизда сунъий интеллект таъсири ортиб бораётган бир пайтда бу қудратли восита ёрдамида она тилимизни ривожлантириш ва тарғиб этиш – давр талабидир.
Ўзбек тилининг бой имкониятлари асосида халқимиз тафаккурига мос ва жозибадор миллий брендлар яратиш, маҳсулотларимизни ташқи бозорга олиб чиқиш маркетинг соҳасида асосий йўналишга айланиши зарур. Бу борада ватанпарвар тадбиркорларимиз алоҳида жонбозлик кўрсатадилар, деб ишонаман.
Бундан ўттиз йил олдин қабул қилинган Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларини қайта кўриб чиқиш ҳам кечиктириб бўлмайдиган вазифаларимиз қаторига киради. Шунингдек, халқимиз, айниқса, ёшларимиз ўртасида тил маданияти ва саводхонликни тарғиб қилишга қаратилган замонавий ва таъсирчан медиа маҳсулотларни кўпайтириш лозим. Айниқса, фарзандларимизни она тилимизга меҳр қўйиб, унинг беқиёс бойлиги ва имкониятларидан баҳраманд бўлишга ўргатиш маънавий-маърифий тарбиянинг ажралмас бир қисмидир. Бу долзарб масала ижодкор зиёлиларимиз, таълим-тарбия, маданият, ёшлар, маҳалла, хотин-қизлар ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари фаолиятида доимо марказий ўринда туриши, бутун жамиятимизда умуммиллий ҳаракатга айланиши керак.
Бир сўз билан айтганда, барча соҳаларда бўлгани каби она тилимизни ривожлантиришда ҳам биз кенг жамоатчилигимизнинг амалий фикр ва таклифларига, фаол иштирокига таянамиз.
Муҳтарам ватандошлар!
Сиз, азизларни бугунги қувончли байрам билан яна бир бор табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга тинчлик-омонлик, бахт-саодат ва файзу барака тилайман.
Миллий ўзлигимиз тимсоли бўлган жонажон ўзбек тилимиз янада равнақ топсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Манба: president.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter