Тадбиркорларга субсидия берилиши мониторинг қилинади
Тадбиркорларга субсидиялар тақдим этилишини тизимли мониторинг қилиш тартиби белгиланди.
Ҳукумат қарори (784-сон, 11.12.2025 й.) билан «Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилишини мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини баҳолаш ҳамда асоссиз олинган ва мақсадсиз фойдаланилган субсидияларни қайтариб олиш тартиби тўғрисида» ги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этишда уларни тақдим этадиган ташкилот томонидан тадбиркор эришиши лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгиланади.
Тадбиркорга субсидиялар ажратилиши «subsidiya.mf.uz» платформаси орқали мониторинг қилинади.
Самарадорликни баҳолашда манбалардан қуйидаги кетма-кетликда фойдаланилади:
- тадбиркорнинг молиявий, солиқ ҳисоботлари;
- соҳавий идоралар ёки статистика идоралари маълумотлари;
- қўллаб-қувватлаш чоралари натижалари юзасидан тадбиркор томонидан тақдим этилган маълумотлар.
Самарадорлик ҳар бир тадбиркор учун иқтисодий, молиявий (бюджет) ва ижтимоий мезонлар бўйича алоҳида баҳоланади.
Тадбиркорга тақдим этилган субсидиялар қуйидаги ҳолларда қайтарилади:
- субсидия шартномаси (битим) бўйича тадбиркор томонидан эришиш лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичлар бажарилмаганда;
- маблағлардан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланилгани аниқланганда;
- тадбиркор томонидан тегишли ҳужжатлар ёки маълумотларни нотўғри ёхуд бузиб кўрсатиш ва асоссиз олингани ҳолатлари аниқланганда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter