Тошкент аҳолиси ҳар йили 100 минг кишига кўпайиб бормоқда
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш ва келгуси йилга янги марраларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш ўтказмоқда.
Уй-жойлар қуриш кўлами ҳам кескин ошди. Авваллари Тошкентда йилига кўпи билан 2-2,5 минг хонадон қурилган бўлса, сўнгги йилларда бу кўрсаткич ўртача 15,5 мингдан ошди.
Сўнгги уч йилда 3,5 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиб, пойтахт аҳолиси ва тадбиркорларнинг электр таъминотини яхшилаш бошланди. Келаси йили ҳам бу мақсадларга яна 1,5 триллион сўм берилади.
Умуман, пойтахт иқтисодиёти охирги тўққиз йилда 2,5 баробар ўсиб, жорий йил 27 миллиард долларга етади. Аҳоли жон бошига даромад эса 4,4 минг доллардан 8,6 минг долларга кўпайди.
Натижада камбағаллик даражаси йил бошидаги 7,3 фоиздан 1 фоизга, ишсизлик эса 4,5 фоиздан 3,5 фоизга пасаяди. Яъни Тошкент шаҳрида камбағаллик ва ишсизлик табиий даражага тушади.
Тошкент шаҳрининг доимий аҳолиси ҳар йили ўртача 100 мингдан кўпайиб, 2030 йилда 3,5 миллиондан ошиши кутилмоқда.
Шунингдек, ялпи ҳудудий маҳсулотни 52 миллиард долларга етказиш, жон бошига даромадни қарийб 2 карра ошириб, 15 минг долларга етказиш режа қилинган.
Ушбу марраларга эришиш учун шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосарлари, 12 та туман ҳокими тинимсиз изланиши, шаҳар уй-жой фонди, транспорт, энергетика, таълим ва тиббиёт, сервис инфратузилмаларини дунёнинг замонавий мегаполислари андозаси асосида қайта кўриб чиқиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу боис, шундай мегаполисларда раҳбар бўлган мутахассисларни ҳокимга маслаҳатчи қилиб олиб келиш бўйича таклиф маъқулланди.
Уларнинг кўп йиллик тажрибасидан фойдаланиб, Тошкент шаҳрини молия, илғор технологиялар, маданият ва туризм марказига айлантириш кераклиги қайд этилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter