Тошкентда етказиб берувчини ҳақоратлаган фуқаро 5 суткага қамалди
Тошкент шаҳрининг Миробод туманида вояга етмаган етказиб бериш хизмати ходими билан жанжаллашиб, уни ҳақорат қилган 36 ёшли фуқаро 5 суткага маъмурий қамоққа олинди.
Ҳодиса 17 октябр куни соат 13:00 атрофида Миробод туманидаги ресторанлардан бири олдида содир бўлган. 1990 йилда туғилган фуқаро ва 2009 йилда туғилган йигит ўртасида электроскутерда ҳаракатланиш масаласида келишмовчилик келиб чиққан.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода фуқаро ўсмирга қўпол муомала қилиб, уни ҳақорат қилгани ва тарсаки тушириш билан таҳдид қилганини кўриш мумкин.
Етказиб бериш хизматида ишловчи йигитнинг айтишича, у буюртмани олиш учун навигатор кўрсатган йўналиш бўйича ресторанга келган. Фуқаро эса ресторанда ҳайдовчи бўлиб ишлашини, одамлар ҳаракатланаётган ҳудудда скутерни ҳайдаб киришга эътироз билдирганини айтган. Кейинчалик у қилган иши учун жамоатчиликдан узр сўраган.
Воқеа ортидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги Миробод туманидаги «Мовий гумбазлар» хиёбонида жойлашган ёзги майдонча текширилганини маълум қилди. Текширувда ҳудуддан фойдаланиш қоидалари бузилгани аниқланиб, камчиликлар бартараф этилган.
Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Турсунали Акбаровнинг маълум қилишича, жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди фуқарони Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан айбдор деб топиб, унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter