«Ибн Сино» халқаро мукофоти таъсис этилади
Абу Али ибн Сино илмий меросини ўрганиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган «йўл харитаси” тасдиқланди.
Ҳукумат қарори (575-сон, 19.10.2026 й.) билан буюк табиб ва қомусий олим Абу Али ибн Сино илмий меросини чуқур ўрганиш ва уни кенг тарғиб қилиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган «йўл харитаси” тасдиқланди.
Қарорга кўра, 2030 йилда нишонланадиган аллома таваллудининг 1050 йиллиги тадбирларига тайёргарлик кўриш юзасидан «йўл харитаси»да, жумладан, қуйидагилар назарда тутилган:
- 2026 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида «Ибн Сино – Ғарб ва Шарқ фалсафий тафаккурининг буюк намояндаси» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш;
- олий тиббиёт таълим ташкилотлари, илмий марказлар, кутубхоналар ҳамда даволаш-профилактика муассасаларида илмий-амалий анжуманлар, кўргазмалар, очиқ маърузалар ташкил этиш;
- хорижий мамлакатларга илмий экспедициялар ташкил этиш, алломанинг хорижда сақланаётган қўлёзмаларини жамлаш;
- «Мўъжаз ал-Қонун», «Қонунча», «Ал-Ишорат ва ат-танбиҳот», «Донишнома», «Китоб аш-Шифо», «Шарқ фалсафаси» асарларини ўзбек тилига таржима қилиш, уларнинг босма ва электрон нашрларини тайёрлаш;
- «Ибн Сино» халқаро мукофотини таъсис этиш.
Шунингдек, Бухоро давлат тиббиёт институти ҳузурида давлат муассасаси шаклида Абу Али ибн Сино илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди. Марказнинг асосий вазифалари:
- Ибн Сино тиббиёти билан боғлиқ тадқиқотлар ўтказиш, натижаларини замонавий табобатда қўллаш;
- қўлёзмаларни жамлаш, ўзбек тилига таржима қилиш, уларнинг электрон платформасини яратиш;
- тиббиёт ходимлари ва тиббиёт тарихига қизиқувчилар учун ўқув курслари ва маҳорат дарсларини йўлга қўйиш.
Марказ Бухоро давлат тиббиёт институтининг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия институтлари грантлари, пулли хизматлардан тушадиган маблағлар, ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter